Келинчак жон таслим қилди

18:00 - 24.07.2021

13

Хонқа тумани тиббиёт бирлашмаси гинекологи Г.Б.нинг хатоси бир оиланинг азасига сабаб бўлди. Унинг навбатчилигида 1996 йилда туғилган О.А.ни олиб келишди.  Қорнидаги қаттиқ оғриқ билан туғруқ бўлимига келган ҳомиладор келинчакдан кечаси 23:30 ларда қон кетади. Навбатчи Г.Б. уни ультратовуш текширувига йўналтиради. Текширув натижасига кўра соат 1:10 да жарроҳлик амалиёти бошланади. Чақалоқ ўлик туғилиб, онадан қон кетади. Шифокор қон кетиш миқдорини тўғри баҳоламасдан, ички қон кетишнинг олдини олиш мақсадида жарроҳлик амалиёти пайтида кичик чаноқ бўшлиғига дренаж қўймайди. Тиббий стандартлар асосида муолажа қилмайди. Бўлим мудири ва малакали жарроҳлик гуруҳи етиб келгунича беморни ўз ҳолига ташлаб қўяди. Қон кетишда давом этади. Бўлим мудири етиб келгач, келинчакнинг яқинлари тунда Урганчга, Шовот туманига бориб қон олиб келишади. Аммо муолажа кечикканлиги сабабли самара бермайди. Тонгда келинчак ҳам жон таслим қилади. Совуққонлиги, билимсизлиги оқибатида икки инсоннинг ўлимига сабаб бўлган навбатчи шифокор ўз хатосини яшириш учун туғруқ баёнидаги ёзувларни ўзгартириб, сохта қайдлар киритади.

Ваҳоланки, айбни сохта ёзувлар билан ёпиб бўлмайди. Суд тиббий экспертизаси хулосаси Г.Б.нинг айбдорлигини кўрсатиб турарди. Оқибатда Г.Б.га нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Малакали тергов хулосаси асосида суд жиноят ишини атрофлича кўриб чиқди. Г.Б. айбдор деб топилиб, жазога тортилди.