Бекатдаги бетартибликлар барҳам топади

15:00 - 24.07.2021

23

Газетамизнинг 2021 йил 3 июндаги 22-сонида «Олмазор» метросидан чиққудек бўлсангиз…» деб номланган мақола эълон қилиниб, пойтахтимизнинг «Олмазор» метро бекати атрофидаги бетартиблик танқид қилинган, шаҳарлараро йўловчи ташиш тизими билан боғлиқ муаммо кўтарилган эди.

Мазкур мақолага Транспорт вазирлиги муносабат билдирган хат таҳририятга етиб келди. Автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Мирносир Юсупов имзолаган хатда мақолада кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси масъул ходимлари ва инспекторлари томонидан Чилонзор туманида жойлашган «Олмазор» метро бекати атрофидаги ҳолат ўрганилгани маълум қилинган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бошқарманинг Автомобиль ташувлари хавфсизлигини таъминлашни назорат қилиш бўлими инспекторлари ҳамда Тошкент шаҳар ЙҲХБ ЙПХ ходимлари томонидан туманларда доимий равишда қўшма рейдлар ўтказилаётгани ҳам билдирилган.

«Хусусан, 2021 йилнинг июнь ойи давомида «Олмазор» метроси ҳудудида олиб борилган қўшма рейдлар давомида Тошкент – Янгийўл, Тошкент – Чиноз, Тошкент – Сирдарё ва Тошкент – Жиззах йўналишлари бўйича йўловчи ташиш билан лицензиясиз шуғулланиб келаётган 53 нафар ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1763-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик юзасидан маъмурий баёнотлар расмийлаштирилиб, автотранспортлар вақтинча сақлаб туриш учун жарима майдонига юборилди. Шунингдек, тадбирлар давомида ЙПХ нозирлари томонидан «Олмазор» метроси ҳудудида 3.27-йўл белгисига зид равишда турган автотранспортларнинг эгаларига нисбатан ҳам баёнотлар тузиб келинмоқда.

Бошқарма инспекторлари томонидан йўловчиларни жалб қилаётган ҳайдовчилар билан лицензиясиз йўловчи ташиш қонунга хилофлиги ва бунинг учун қонунчиликда белгиланган жазолар юзасидан профилактик суҳбатлар олиб борилмоқда.

Ҳозир Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан «Олмазор» метро бекати яқинидаги автотураргоҳларни «Тошкент» автовокзали билан бирлаштириш бўйича лойиҳа устида ишланаётгани ҳамда юқоридаги муаммолар ечими шу лойиҳада назарда тутилганини маълум қиламиз.

Инспекторлар томонидан қўшма рейдлар пойтахтимизнинг Бектемир туманидаги «Бобуршоҳ» автостанциясида ҳам олиб борилди. Аҳолига шаҳарлараро транспорт хизматини кўрсатиб келаётган ташувчилар билан йўловчи ташиш қоидалари, карантин талаблари ва муомала маданияти ҳамда тартиб-интизом юзасидан профилактик тадбирлар ўтказилиб, лицензиясиз хизмат кўрсатаётган фуқароларга нисбатан чоралар кўрилди.

Келгусида тасдиқланган режага асосан Тошкент шаҳар ЙҲХБ ЙПХ ходимлари ҳамда Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси инспекторлари ҳамкорлигида қўшма рейдларни доимий равишда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди».

Хулоса қилиш мумкинки, пойтахтимиз билан ҳудудларни боғловчи шаҳарлараро йўловчи ташиш тизими билан боғлиқ муаммолар яқин орада ҳал бўлади.