Чойчақага сотиб олинган самолётлар

13:30 - 23.07.2021

17

Тарихдан маълумки, Брежнев даврида Совет иттифоқида на ишсизлик ва на хусусий самолётлар бўлган. Шундай бўлгач, икки совет фуқароси қандай қилиб бир йил мобайнида уч «бортли» авиакомпанияга эгалик қилган бўлиши мумкин?

Яқиндагина Украинада КПСС Марказий қўмитаси комиссиясининг СССРда назарий жиҳатдан ҳам амалга ошмайдиган парвозлар таҳлилига бағишланган йиғилиш баёни эълон қилинди. Аммо шундай бўлса-да, парвозлар амалга ошган.

Комиссия йиғилиши

1967 йили Москвада, КПСС Марказий қўмитасида бир гуруҳ масъул шахслар «фавқулодда дейиш мумкин бўлган мисли кўрилмаган ҳолат»ни муҳокама қилиш учун тўпландилар. Комиссия раиси, КПСС Марказий қўмитаси котиби, Коммунистик партиянинг бош мафкурачиси ҳамда Кремлнинг «кулранг кардинали» Михаил Суслов ўшанда вазиятга шундай дея таъриф берган эди. Ошкор қилинмаган совет иерархиясига кўра у мамлакатда Леонид Брежневдан кейинги иккинчи шахс ҳисобланган.
Суслов КПССда унчалик сезилмаса-да, аммо жуда муҳим лавозимни эгаллаган, Марказий қўмитанинг маъмурий органлар бўлими бошлиғи бўлган Николай Савинкиндан асосий маърузачи бўлишни сўрайди. Савинкин ўша давр, яъни 1967 йилда асосий партиявий бюрократ эди. У шундай маълумот беради:

«1965 йилнинг октябрь ойида Перм кимё заводи ёрдамчи ишчиси А.Горгун Фуқаролик авиацияси вазирлигига сохта ҳужжатлар билан мурожаат қилиб, заводга экспериментал ҳаво кемаси қурилиши учун ҳисобдан чиқарилган 3 та самолётни сотишни сўраган. Фуқаро авиацияси вазирининг ўринбосари ўртоқ Биков эса тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текширмасдан, Москва махсус фойдаланиш авиациясининг бошқармасига ҳисобдан чиқаришга тайёрлаб қўйилган учта «Супер-аэро» самолётини унга топширишга рухсат берган. Ҳисобдан чиқарилган самолётлар учун Горгун 427 рубль тўлаган». Шу ерда бир нечта изоҳ бериш лозим.

Вазир ўринбосари Горгунни юборган сирли номга эга ташкилот Москва махсус дастурлар ва маҳаллий ҳаво йўллари бошқармаси эди. Бундай «буюк ва қудратли» бошқармалар фақат 200 километргача бўлган қисқа масофаларга учадиган ҳаво транспортини бошқарган.

Бундай йўналишларда шунингдек, юқорида айтиб ўтилган «Супер-аэро» самолётлари ҳамда қардош Чехословакияда ишлаб чиқарилган, беш-олти йўловчига мўлжалланган «Аэро Ае-45S» самолётлари ҳам хизмат кўрсатган.

«Ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаган эди»

Ажабланарли жиҳати шундаки, МҚ комиссиясига қадар ҳеч ким кимё заводига самолёт қуриш нима учун керак эканлигига қизиқиб ҳам кўрмаган. Аммо ҳақиқат ҳақиқатлигича қолади: ишчига парвозга яроқли ҳолатдаги 3 та самолёт арзимаган пулга сотилган эди. Дарвоқе, 427 рубль ўша пайтда армия лейтенантининг икки ойлик маошига тенг бўлган.

Горгун ўлжаларини қўлга киритиши биланоқ уларни Донецк вилоятининг Енакиево шаҳрига етказади. У ерда эса ДОСААФ авиация спорт клуби раҳбари лавозимини эгаллашга муваффақ бўлади.

– Қисқа вақт ичида, – давом этади Савинкин, – Горгун клубни хонавайрон қилишдан ташқари, авиация ўқув марказининг муҳри туширилган парвоз варақаларини ҳам қўлга киритган ва ишдан бўшаган.

«Интизомсизлиги учун» аэроклубдан ҳайдалган йўриқчи-учувчи Балуев билан танишиш эса у учун муваффақиятининг яна бир калити вазифасини ўтайди. Кўп ўтмай Горгун билан Балуев учта самолётни олиб, Дзержинск шаҳрига (ҳозирги Торецк) йўл олишади. «1966 йил август-сентябрь ойларида мазкур самолётлар РСФСР ҳамда Украинанинг бир қатор вилоятлари ҳудудлари бўйлаб пул эвазига фуқароларни колхоздан колхозга ташишади, сайр қилдиришади.

Ажабланарли жиҳати шундаки, улар бемалол, ҳеч бир тўсиқсиз фуқаро авиацияси ва ДОСААФ аэродромларига қўнишади, ёнилғи қуйдириб, техник носозликларни ҳам бартараф эттиришади. Аммо уларнинг ким эканлигини текшириш, ҳужжатларни сўраш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган».

Ҳибсга олинган, қўйиб юборилган

Аммо кўза кунда эмас, кунида синади деганларидай охир-оқибат «авиакомпания» раҳбари ва унинг «бош учувчиси» ҳибсга олинган ва суд қилинган. Горгун 8 йил, Балуев эса 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Кўп ўтмай улар озодликка чиққан бўлиши мумкин. Чунки Марказий қўмита комиссиясининг шахсан уларга саволи йўқ эди. Бироқ лозим даражада сергак бўлмаган тузилмаларга саволлар бисёр эди.

Биринчи бўлиб авиация маршали, Фуқаро авиацияси вазири Евгений Логинов «У (Горгун) фуқаро авиацияси аэродромига қўнганида шундай ҳолат юз берган. Айбдорларни аниқланиб, қаттиқ жазолаганмиз. Биз Горгунни аэродромда ҳибсга олдик, аммо бир неча соатдан кейин қў йиб юбордик» деган гаплари учун эшитадиганини эшитди. Бундай баҳона қилгандан кўра жим тургани яхшироқ эди.

Совет иттифоқи қаҳрамони, армия генерали ҳамда ДОСААФ Марказий қўмитаси раиси Андрей Гетман ҳам Горгун ва Балуевнинг самолётлари бир неча бор Ярославль ва Горький вилоятларидаги унинг тасарруфида бўлган аэродромларга қўнгани, ёнилғи қуйилиб, хизмат кўрсатилгани, шунингдек, учувчилар бепул овқатланишганини тан олди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қандай ишлайди?

Йиғилишда энг тўғри саволни Марказий қўмитанинг бошқа бир котиби, аслида халқаро ишларга ихтисослашган Борис Пономарёв берди:

– Менда бир савол туғилди. Айтинглар-чи, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими қандай ишлайди?

Мамлакатнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари бош штаби бошлиғи, Совет иттифоқи қаҳрамони, генерал-полковник Николай Циганов бу саволга қуйидагича жавоб берди: «Мамлакатимизда ҳаводан мудофаа қўшинларининг кузатиш ва хабар бериш тизими 500 метр ва ундан юқоридаги нишонларни назорат қилади. Локация қурилмалари ҳам шу баландликка йўналтирилган. «Супер-аэро» самолётлари эса 500 метрдан паст баландликда учади ва уларни фақат кўз билан кузатиш мумкин. Афсуски, бизда бундай визуал кузатув постлари мавжуд эмас. Илгари бор эди, ҳозир бекор қилинган».

СССР ҳаво майдонининг 500 метрдан пастроғи етарлича назорат қилинмаслиги 20 йилдан сўнг германиялик безори Матиас Руст Москва марказигача учиб келганида ўз исботини топди.

Айтмоқчи…

Таъкидлаш лозимки, Марказий қўмита комиссияси йиғилиши баёнининг ҳақиқийлиги масаласида ҳанузгача бир тўхтамга келинмаган. Бундан ташқари, 1960-йилларда бундай даражадаги ҳужжатлар махфий сақланган бўлиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган 3 та саҳифанинг сканерларида эса грифлар йўқ. Қолаверса, баённинг асл нусхаси ҳозиргача Россия ижтимоий-сиёсий тарихи давлат архивида сақланмоқда. Иттифоқ даврида Марказий қўмита комиссияси баёнининг махфийликдан чиқарилган қисмининг нусхалари кўриб чиқиш учун Украинага юборилган. Чунки айнан ўша ерда Горгун билан Балуев ҳаво безорилигига қўл уришган эди-да!

Ғофуржон АЛИМОВ таржимаси
«АиФ» №20 (19.05.2021)