Банк ходими ва маҳалла мутахассисининг “сири”

15:30 - 19.07.2021

18

«Халқ банки» Хўжайли филиалининг кредитлаш ва мониторинг бўлими етакчи мутахассиси П.Жўлдасбаев ушбу лавозимда ишлаган йиллари ўз хизмат вазифаларидан фойдаланган ҳолда жиноят содир этган.

Яъни Хўжайли туманида яшовчи бир неча фуқаро кредит олиш учун банкка мурожаат қилмаган бўлса-да, уларга тегишли ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда кредит чиқарган ва талон-торож қилган.

Дастлаб П.Жўлдасбаев Наврўз маҳалласи мутахассиси П.Қутлимуратова билан тил бириктириб, ушбу ҳудудда яшовчи К.Сарибаеванинг паспорти, СТИР нусхалари ва маҳалладан берилган қалбаки тавсиянома ва бошқа ҳужжатларга асосан чорвачилик билан шуғулланиш учун банкдан 30 млн сўм кредит олган. Кейин бу пулни «Қорақалпоғистон универсал экспорт инвест» фермер хўжалиги ҳисобрақамига ўтказиш орқали нақдлаштириб, ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.

П.Жўлдасбаев бундан кейин П.Қутлимуратова ёрдамида шу маҳаллада яшовчи М.Хўжамуратова ва Н.Холмуратова номига ҳам 30 млн сўмдан кредит ажратилишига эришган. Бу маблағни «Уллубоғ чорва комплекси» фермер хўжалиги орқали нақдлаштириб олган.

П.Жўлдасбаев бундан кейинги «операция»сини П.Қутлимуратова ва «Халқ банки»нинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳуқуқшуноси Б.Қосимбетов билан бирга амалга оширган. Хуллас, жами 150 млн сўм маблағни талон-торож қилган.

Албатта, ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан айбдор деб топилган шахслардан зарар ундирилди ва уларга қонуний жазо чоралари тайинланди.