“Бу ерда камера бор, ҳар хил гап айтиб бўлмайди”

13:30 - 19.07.2021

92

Мурод Рустамов (исм ва фамилиялар ўзгартирилган) олий маълумотли, оилали. 2-гуруҳ ногирони бўлса-да, тайинли иши бор. Ношукур одамларда  учрайдиган қусурлардан Мурод ҳам холи эмас.

Бухоро шаҳридаги «Шарқ деҳқон бозори» МЧЖда директор ўринбосари вазифасида ишлаб келган М.Рустамов илгари Бухоро шаҳар ҳокими раҳбар бўлган 1-сектор котиби вазифасида ишлаган. 2019 йил апрель ойида Бухоро шаҳар ҳокимининг секторида гуруҳ билан аҳоли муаммоларини ўрганиб юрган пайтида Тўқимачи маҳалласида бир аёл унга мурожаат қилиб, арзон уйлардан қизига олмоқчи эканини айтди. М.Рустамов ёрдам беришини айтиб, телефон рақамини берди.

Орадан бир неча кун ўтиб телефонига қўнғироқ бўлди. Мурод билан учрашган онахоннинг қизи Дилбар Умурова экан.

– Сизга ўхшаб уй олмоқчи бўлганлар кўп, ҳамма ҳам ололмайди. Кўпчилик ариза топширган. Бу ерда камера бор, ҳар хил гапларни айтиб бўлмайди, кейинроқ холи жойда гаплашамиз, – деди Мурод қандай ҳужжатлар тайёрлаш лозимлигини айтиб бўлгач.

Уй масаласида Д.Умурова М.Рустамов билан 1-секторда, шаҳар ҳокимлигида бир неча марта учрашди. Аммо иш олдинга силжимади. Ҳадеганда уйдан дарак бўлавермади. Шундай кунларнинг бирида Дилбар опаси Гулнор билан бирга «Чинор» кафесида М.Рустамов билан учрашиб гаплашиб олишди.

– Бу бошқа гап. Мен ҳам, биласиз, бир ўзим эмасман, у ерда ишни битиришга аралашадиганларга ҳам ҳақ чиқаришим керак.

– Айтаверинг, қанча берсак ишимиз битади?

– 2000 доллар берсаларингиз битиши мумкин. Ҳар ҳолда уч хонали уй оласизлар-ку…

– Мен бунча пул беролмайман, шароитим йўқ…

– Ҳа унда 1000 доллар берсангиз бўлади.

Мурод Рустамов фирибгарлик, алдовдан ўзини тўхтата олмади. Аслида уй бериш масаласида ҳеч қандай ваколати йўқ эди.

Ўйламай қилган иши туфайли суднинг қора курсисида ўтирган М.Рустамов пушаймон чекади. Бироқ жиноят қилдингми, жазога тортиласан. Суд ҳукмига биноан М.Рустамовга икки йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.