“Света — бугун менинг меҳмоним…”

11:30 - 19.07.2021

10

2020 йилнинг кузи… Димитрий (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қамоқдан қайтгач топишган аёли Лена билан ўтириб роса ароқ ичди. Атрофга қоронғулик ина бошлагач, кўнгиллари кечки сайрни тусаб қолди-ю, бир-бирларини қўлтиқлаганча кўчага чиқишди.

Наманган шаҳри 4-кичик туманда жойлашган «Трактир» ресторани рўпарасидан ўтиб кетишаётганда қарши томондаги майсазорда таниши Света бир эркак билан спиртли ичимлик ичиб ўтирганини кўриб, ёнига боришди.

– Яна кимни топиб олдинг? – сўради Дмитрий аёлдан. Светанинг уйи йўқ, дуч келган жойда тунаб юрар, чиқиндихонадан қоғоз ва пластмасса йиғиб сотиб кун кўрарди.

– Нима ишинг бор? Хўжайинмисан?! – жавоб берди аёл қўрс оҳангда. Унга тинчини бузишгани ёқмаётганди.

– Бор, жўна бу ердан! Ишингни қил! – Светанинг ёнидаги Артём ҳам энди орага қўшилди. – Света бугун менинг меҳмоним… 

Бироқ Дмитрий ичкилик таъсирида ўзини шердек ҳис этаётгани боис бундай беписанд муносабатни «ҳазм қилолмади». Артёмнинг ақлини киритиб қўйиш ниятида қўлига илинган темир бўлаги билан бошига бир неча марта уриб, уни ерга йиқитди. Сўнг ғолиб одамдек унинг ёнидаги телефонини олди-да, Ленани етаклаб кетди. Кайфи баланд Света ҳам шу ернинг ўзида чўзилганча уйқуга кетди.

Тунда отасининг уйга қайтмаганини кўрган Наташа уни излашга тушди. Бир соатлар чамаси қидириб, оғир жароҳат олган ҳолда топгач, шифохонага олиб борди. Шифокорларнинг ҳаракати билан Артёмнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Тўрт кун деганда ҳушига келиб, бўлган воқеаларни сўзлаб берди ва Светанинг кўрсатмалари тўғри эканини тасдиқлади.

Дмитрий эса ўша куни уйига келиб ҳеч нарса бўлмагандек ётди. Эртаси куни Артёмнинг телефонини «Чорсу» бозорида 380 минг сўмга сотиб, яна маишатини давом эттириб юраверди. ИИБ ходимлари излаб келганида қилмишлари ёдига тушиб, уларни чалғитишга ҳаракат қилди, Артёмга шунчаки бир шапалоқ туширгани, унинг бошига темир билан урмаганини айтиб туриб олди. Бироқ гувоҳлар ва далиллар қилмишларини фош этгач, ноилож барчасини тан олишга мажбур бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди Дмитрий Снежковнинг мазкур жиноятини атрофлича ўрганиб чиққач, уни ўн беш йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди.