Марҳумнинг машмашали ҳовлиси

15:00 - 17.07.2021

10

Прокуратура халқнинг энг ишонган органларидан бири. Шунинг учун бошқа идораларда иши битмаганлар катта ишонч билан прокуратурага келади.

Пастдарғом тумани Пахтачи маҳалласидаги 72-уйда яшовчи Ш.Қурбоновнинг туман ҳокимлиги марҳум отаси А.Қурбоновнинг уйига нисбатан эгалик ҳуқуқи бермаётгани ва бошқа ҳолатлардан норози бўлиб Бош прокурорга йўллаган мурожаати вилоят прокуратурасида кўриб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 3 августдаги 251-қарорига мувофиқ туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси ходимлари ўтказган хатловда Пастдарғом тумани Пахтачи маҳалласидаги 0,28 гектар ҳовли марҳум А.Қурбоновга тегишли эканлиги аниқланган.

Шунингдек, корхона томонидан Ш.Қурбоновнинг буюртмасига биноан 2017 йил 27 июлда ушбу бино-иншоотларга кадастр йиғмажилди тайёрланиб, нусхаси унга тақдим этилган бўлса-да, уйга нисбатан мулк ва эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, яъни туман ҳокимининг қарори чиқарилмаган.

Ўрганишда туман ҳокимининг «Пастдарғом тумани Пахтачи маҳалласида жойлашган, марҳум А.Қурбоновга тегишли уй-жойнинг ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва бино-иншоотига бўлган мулк ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида»ги 470-қарори қабул қилинди. Ш.Қурбоновнинг туман ҳокимига йўллаган мурожаатини кўриб чиқишда қонун бузилишига йўл қўйган туман ҳокимлиги ҳузуридаги Якка тартибдаги уй-жойлар қурилишини мувофиқлаштириш бўлими мутахассиси Б.Ғаффоровга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди.

Шунингдек, О.Дўстмуродовнинг «Асака» банкининг Самарқанд вилояти собиқ «Афросиёб» филиали томонидан ажратилган кредитнинг 8 млн сўмини «Мовий гумбаз узумзор даласи» фермер хўжалигидан ундиришда ёрдам беришни сўраб вилоят прокурорига йўллаган мурожаати кўриб чиқилган. Ўрганишда вилоят прокуратурасининг аралашуви билан О.Дўстмуродов ва А.Ғаниев «Мовий гумбаз узумзор даласи»га ўтказган 8 млн сўм пул уларга олиб берилди.