Президент қарорига зид буйруқ

12:30 - 17.07.2021

10

2018 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча  чора-тадбирлар тўғрисида»ги 3775-қарори қабул қилинган. Унинг 4-бандига кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфида олий таълим муассасалари мавжуд вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда «Олий таълим муассасаларида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими тўғрисида»ги низомни ишлаб чиқиши ва белгиланган тартибда тасдиқлаши, бунда асосий эътиборни: баҳолаш тизими ва мезонларини узлуксиз таълим тизимининг босқичларига мувофиқлаштиришга; таълим йўналишларининг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда талабалар билимини баҳолашнинг замонавий, шаффоф ва адолатли (автоматлаштирилган, портфолио, тест синовлари, ижодий иш, антиплагиат ва ҳ.) усулларини, шу жумладан муайян фандан дарс берган педагогнинг якуний назорат жараёнларидаги иштирокини истисно этадиган тизимни жорий этишга; семестр якуни бўйича академик қарздор талабанинг қайта топшириши мумкин бўлган фанлар сонини белгилашга ва уларни топшириш муддатини ўзгартиришга қаратиши белгиланган.

Аммо ИИВ академиясининг 2-курс тингловчиси Э.Ж. битта ўқув фанидан ўтказилган якуний назоратдан қониқарсиз баҳо олгани боис Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3775-қарорига зид равишда курсантлар сафидан четлаштирилган. Ваҳоланки, ушбу қарорга асосан ИИВ академияси курсантларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш тизими бўйича ишлаб чиққан низомда ҳам ўқув фанларидан қониқарсиз баҳо олганлар курсда қолдирилиши назарда тутилиб, курсантлар сафидан четлаштириш назарда тутилмаган.

Э.Ж. бузилган ҳуқуқини тиклаш борасида дастлаб академия ва ИИВга мурожаат қилиб, қониқарсиз жавоб олган.

Шундан сўнг Э.Ж. курсантлар сафига тиклаш бўйича ариза билан судга мурожаат қилган. Э.Ж.нинг аризаси судларда бир неча марта кўрилиб, Олий суд ҳам унинг ўқишдан четлаштирилишини асосли деб топган.

Э.Ж.нинг Бош прокуратурага суд қарорларидан норози бўлиб ёзган мурожаатига асосан фуқаролик иши ўрганилиб, академия бошлиғининг Э.Ж.ни курсантлар сафидан четалаштириш ҳақидаги буйруғи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 3775-қарорига зидлиги аниқланиб, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида такроран кўриш ҳақида 2021 йил 5 май куни протест келтирилди.

Протест асосида низо судда қайта кўрилиб, фуқаронинг даъвоси қаноатлантирилди ва Э.Ж. курсантлар сафига тикланди.