30 нафар ёшга 2 сотихдан иссиқхона қуриб берилди

10:30 - 17.07.2021

4

Хатирчи тумани 2-секторида 14 та маҳалла бор, уларда 42327 киши яшайди. Аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. 13 та мактабда спортнинг 14 та тури бўйича 137 та тўгаракка 3001 нафар ўқувчи-ёшлар қамраб олинган. Ҳар бир маҳаллада спорт билан мунтазам шуғулланиш учун ҳомийлар ёрдамида шароит яратилган.

2021 йилда туман бўйича 139 та инвестицион лойиҳа режалаштирилган, шундан 57 таси сектор улушига тўғри келади, уларни амалга ошириш натижасида 1835 та иш ўрни яратилади. Бугунги кунда уларнинг 9 таси ишга туширилган, Мустақиллик маҳалласида 1000 та иш ўрни бўлган «Хатирчи текстил» МЧЖ ишга тушиш арафасида турибди.

Ҳудудда ишини тўхтатиб турган хўжалик юритувчи субъектларнинг муаммоларини ўрганиш натижасида 20 тасининг фаолияти қайта тикланди. Шу билан бирга, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 153 та оилага субсидия берилган. Шунингдек, давлат рўйхатидан ўтмаган ҳолда фаолият юритаётган 42 та тадбиркорлик субъекти рўйхатга олинди, 509 кишининг фаолияти легаллаштирилди.

Сектор ҳудудида 7660 та хонадон ўрганилиб, 1903 тасида муаммо аниқланган ва уларнинг 1820 таси ҳал қилинган. Аҳолининг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 345 кишига 6 млрд 46 млн сўм имтиёзли кредит берилди. Шунингдек, «Обод қишлоқ» дастури доирасида Найман маҳалласида 26 км кўчага шағал ётқизилган, 360 та эски симёғоч ўрнига бетон устунлар ўрнатилган, 6 та трансформатор алмаштирилган. 58 км сув тармоғи тортилмоқда, маҳалла биноси қурилаяпти. 12 ва 66-мактаблар таъмирланмоқда.

Қорача маҳалласидаги 4-МТМ биноси 798,6 млн сўм маблағ эвазига янгидан қурилди. Янгиработ ва Чангир маҳалласи бинолари қайта қурилмоқда. Мактаблар ва маҳаллаларда 25 та электрон кутубхона ташкил этилган. Туман прокуратураси томонидан сектордаги ишсиз, камбағал аёллар ва ёшларга ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

2020 йилнинг октябрь-декабрь ойларида 7651 нафар аёл билан мулоқот ўтказилган ва 30 ёшдан ошган 567 нафари «аёллар дафтари»га киритилиб, муаммолари ҳал қилиб берилган. Хусусан, 95 нафари ўзини-ўзи банд қилди, 41 таси вақтинча жамоат ишига жойлашди, 264 нафари ташкилот ва муассасаларга доимий ишга жойлаштирилди. 65 нафар хотин-қиз касб-ҳунарга ўқитилиб, 87 та аёлга тадбиркорликни йўлга қўйиши учун 1 млрд 400 млн 258 минг сўм кредит берилди.

Ўзининг ёки бирга яшовчи оила аъзоларининг номида тураржой бўлмаган С.Ўроловага Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Навоий шаҳридаги 2 хонали уйга эгалик қилиш тўғрисидаги сертификат топширилди. Дамариқ маҳалласида яшовчи Ш.Нарнахаловага ижара пули берилди.

Секторда истиқомат қилувчи 26 аёл тиббий кўрикдан ўтказилиб, Навоий вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказида даволаниши ташкил қилинди.

Оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳам алоҳида назоратга олинган. Туманда «ёшлар дафтари»га киритилган 1133 кишига 720 млн сўм маблағ сарфланган. Секторда ёшларга оид 18 та объект барпо этилган. Шунингдек, 30 нафарига Бандлик жамғармасининг субсидияси ҳисобидан 2 сотихлик иссиқхоналар қуриб берилди. Шунингдек, 2-сектор бўйича 2784 гектар ерга такрорий экин экилиши режалаштирилган бўлиб, 2229 кишига 20-50 сотихдан ер берилаяпти. Секторлар олдига қўйилган вазифаларни тўлиқ бажариш учун мутасадди идоралар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.