Зомин тумани учун 237 млрд сўм

17:00 - 16.07.2021

6

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг ижроси Жиззах вилоят прокуратураси органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида 2021 йилда Зомин туманидаги 103 та қишлоқ ва 37 та маҳалланинг қиёфасини янгилаш ва ҳудудини ободонлаштириш бўйича 237,4  млрд сўмлик иш бажарилиши режалаштирилган. Хусусан, Пишағар маҳалласида катта иш қилинмоқда. Комплекс экспертиза марказидан 12 та объектга хулоса олинган. Дастурлар доирасида 66 та объектга танлов ўтказилган. Юқоридагиларга кўра 21 та қишлоқ ва маҳаллада 57 км йўл таъмирланади. Ҳозир 23 км йўл таъмирланган.

Ичимлик сув таъминоти ва оқава сув тармоқларини яхшилаш бўйича 15 та қишлоқ ва маҳаллада 63,4 км тармоқ ва 8 та иншоот қурилиб, реконструкция қилинади. Ҳозирча 30,4 км тармоқ ҳамда 8 та иншоот қурилган. Электр таъминотини яхшилаш учун 101,7 км электр тармоғи тортилади, 35 та трансформатор, 2260 та устун ўрнатилади. Газ таъминоти бўйича 20 км газ тармоғи ҳамда 12  та газ тақсимлаш пункти таъмирланиши ва аҳолига 78 та газ баллони етказиб берилиши режалаштирилган. Натижада 37 та қишлоқ ва маҳалла аҳолисининг таъминоти яхшиланади. Ҳозир 16 км газ тармоғи таъмирланиб, 50 та суюлтирилган газ баллони тарқатилган.

Шунингдек туманда 3 та боғча, 6 та мактаб, 3 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлаш белгиланган. 22 км алоқа тармоғи ва 2 та базавий станция қурилиб, 17 та қишлоқ ва маҳалла аҳолиси сифатли алоқа ва интернет хизматлари билан қамраб олинади. Ҳозир ушбу йўналишда 0,3 млрд сўмлик иш бажарилди.

Бугунги кунда туманда 85 км ариқ ва зовурлар тозаланди, 116 км кўчалар ободонлаштирилди. 110 та ноқонуний қурилма тартибга келтирилди. 1660 киши тиббий кўрикдан ўтказилди, 264 кишини иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.