Навоийда ҳаммага ҳам паспорт расмийлаштирилмаган

14:30 - 16.07.2021

4

Навоий вилояти прокуратураси томонидан «Реклама тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги 104-қарори ва соҳага оид бошқа ҳужжатларнинг ижроси ўрганилди.

Ўрганишлар ташқи реклама объектларининг ўрнатилиши ва тўлов ундирилиши ҳамда реклама жойлаштириш учун шартнома расмийлаштиришда кўплаб қонунбузилишларга йўл қўйилганини кўрсатди.

Хусусан, хўжалик юритувчи 83та субъект 112та ташқи реклама объектини ноқонуний ўрнатгани аниқланиб, барчаси олиб ташланди.

Шунингдек, шартномага риоя қилмаган хўжалик юритувчи 12та субъект маҳаллий бюджетга 385млн сўм қарзини ихтиёрий равишда тўлади.

Шу каби 95та субъект шартнома тузмаган ҳолда 346та ташқи реклама объектини ўрнатгани аниқланиб, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг қарори қабул қилиннган ҳолда тадбиркорлик субъектлари билан вақтинчалик паспорт асосида шартномалар тузиш тизими жорий этилди.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида реклама бозорини тартибга солишга доир қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этувчи ҳолатлар аниқланди. Жумладан, ҳукуматнинг 2020 йил 20 февралги 104-қарорининг 2-бандида реклама жойлари паспортлари давлат хизматлари марказлари орқали берилиши белгиланган. Шу билан бирга, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонуннинг 84-моддасида маъмурий регламентлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши кўрсатиб ўтилган.

Лекин реклама жойлари паспортлари давлат хизматлари марказлари орқали берилишида маъмурий органлар фаолиятининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олувчи маъмурий регламент бугунги кунга қадар амалга киритилмагани оқибатида вилоят бўйича ажратилган 346 та ташқи реклама жойи учун давлат хизматлари марказлари орқали бирорта ҳам паспорт расмийлаштириб берилмаган.

Ўрганишлар натижасига кўра Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ва вилоят ҳокимлигига қонунбузилишларни бартараф этиш ҳақида тақдимнома киритилиб, реклама соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклиф тайёрланди.