“Темир дафтар”га киритилганлар энди чиқарилди

12:30 - 16.07.2021

14

Чироқчи тумани прокуратураси томонидан 2-сектор ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан бир қатор ишлар қилинмоқда.

Секторда истиқомат қилувчи 2734 та оила «темир дафтар»га киритилган. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида уларга 2 млрд 105 млн 400 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилиб, меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлиги таъминланди. Шу тариқа доимий даромад манбаи яратилган 2682 та оила халқ депутатлари туман кенгашининг қарори асосида дафтардан чиқарилди.

Сектор бўйича ўтказилган хатлов натижасига кўра 345 киши «аёллар дафтари»га киритилган. Улардан 156 нафарининг бандлиги таъминланди, боқувчисини йўқотган 67 аёлга бир марталик моддий ёрдам берилиб, боқувчисини йўқотганлик нафақасини расмийлаштиришига кўмаклашилди. 33 та ногирон аёлга бир марталик моддий ёрдам берилди.

Мисол учун, Жар маҳалласида яшовчи Сайёра Бердиевага туман прокурори ташаббуси билан битта қорамол, томорқасини ривожлантириш учун 345 минг сўм субсидия, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баробари миқдорида моддий ёрдам берилган.

Шунингдек, Сувлиқ маҳалласида яшовчи Малика Жумаевага 20 млн сўм имтиёзли кредит ажратилиб, тикувчилик билан шуғулланишига имконият яратилди. Қумдарё маҳалласида яшовчи Ҳафиза Тожиева ва Клара Мирзаевага 25 млн сўмдан имтиёзли кредит ажратилиб, паррандачиликни йўлга қўйишига кўмаклашилди.

«Ёшлар дафтари» бўйича юритилаётган электрон платформага маълумотлар мунтазам равишда киритиб борилмоқда. Жумладан, сектор ҳудудида яшовчи 14666 нафар ёш орасида сўров ўтказилиб, 1487 тасининг муаммоси борлиги аниқланди. Шундан 1097 таси ҳал қилиниб, daftar.mehnat.uz платформасига киритилиши таъминланди.

Кредит бўйича ҳужжатлари тайёрланмаган фуқароларнинг ҳужжатлари ҳар бир маҳаллага бириктирилган тижорат банки вакили томонидан уйма-уй юрган ҳолда тайёрланиб, онлайн тартибда банкка тақдим этилиши таъминланди.

«Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаш учун очилган жамғарманинг ҳисоб-китоби юритилиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича халқ депутатлари туман, шаҳар кенгашлари ҳамда васийлик кенгашига асослантирилган ёзма таклифлар киритиб борилмоқда. Масалан, 2021 йил 27 майдаги таклифга асосан 142 нафар йигит-қизга асбоб-ускуна учун 114 млн сўм субсидия берилди.

Шунингдек, «Шоира Ёқубова» хусусий корхонаси билан Карамтепа қишлоғида Обод маҳалласи маъмурий биносини 2021 йил 1 октябргача қуриб фойдаланишга топширишга келишилган. Ҳозирги кунда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Додиқ маҳалласидаги «Нилуфар» давлат мактабгача таълим ташкилоти таъмирланмоқда. Муассаса фаолият бошлагач, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 150 та бола мактабгача таълимга қамраб олиниши режалаштирилган.