Изсиз йўқолганлар янги технологиялар ёрдамида қандай қидирилади?

17:30 - 14.07.2021

9

Россия ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика маркази бошлиғининг биринчи ўринбосари, полиция полковниги Эмиль Мусин «АиФ» журналистига Россияда ДНК таҳлили ёрдамида изсиз йўқолганларни қидириш, жиноятларни очиш ва биологик материаллардан (тўқима, ҳужайра ва ажралмалардан) олинган генга оид ахборотларни ўзида сақловчи маълумотлар базаси ҳақида гапириб берди.

– Эмиль Фаритович, ДНК таҳлили бугунги кунда жиноятларни очиш учун муҳим омил ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб эксперт-криминалистика соҳаси охирги ўн йилда жуда ривожланиб кетди. Айтинг-чи, полицияда экспертлар тезкор ходимлардан муҳим ҳисобланадими?
– Биринчидан, ДНК таҳлилини биолог экспертлар жиноят жойидан олиб таҳлил қилади. Бунга бир неча ўн йил бўлди. Биринчи криминалистик ДНК таҳлил лабораторияси 1990 йилда Россия ички ишлар вазирлигининг эксперт-криминалистика марказида очилган.
Ҳозирги кунда вазирликнинг ҳудудий органларида 73 та шундай лаборатория бор.

Иккинчидан, албатта ДНК таҳлили орқали жиноятларни очиш усулининг ривожланиши жиноятларни очиш кўрсаткичини кўпайтиради ва очилмай қолган олдинги жиноятлар ҳақида ҳам маълумот беради. Масалан, 2020 йилда ДНК таҳлили усули билан жиноятларни очишга кўмаклашувчи 100 мингта экспертиза ўтказилган. Лекин бу экспертлар бошқа ходимлардан муҳим дегани эмас. Полиция ишида майда ва муҳим бўлмаган ишлар бўлмайди.

– Илгари жиноят жойидан олинган бармоқ излари базага йиғилган. ДНК таҳлилида ҳам шундай база борми?

– Лабораториялардан олинган геном маълумотлар Федерал геном маълумотлар базасининг асосини ташкил қилади. Генотиплар
ҳар йили 100 мингтагача кўпаймоқда. Геном маълумотлар базаси ёрдамида фақатгина оғир жиноятларни очиб қолмасдан, изсиз
йўқолганларни қидириб топишга ҳам ёрдамлашамиз, номаълум мурдаларнинг шахсини аниқлаймиз. Масалан, Томск вилоятида битта қотиллик уч йил давомида очилмай келаётган эди. 2014 йил январь ойида Перм ўлкасида қамоқда жазосини ўтаётган бир аёлдан
ДНК таҳлили олинган. Аёлнинг ДНКси таҳлил қилинганда Томск вилоятидаги қотиллик жойидан олинган биологик материаллар
таҳлилига тўғри келди. Аёл сўроқ қилинганда унинг жиноятга алоқадорлиги аниқланди.

– ДНК текширувларидан фақатгина қотиллик ва зўрлаш каби жиноятларни очишда фойдаланиладими ёки майда жиноятларда ҳам базага мурожаат қилинадими?

– Илгари генетик экспертиза фақатгина оғир ва ўта оғир жиноятларни очишда қўлланган бўлса, ҳозир бошқа жиноятларни очишда ҳам қўлланмоқда. Масалан, 2020 йил март ойида Свердловск вилоятида яшовчи фуқаронинг кўп миқдордаги пули ўғирланади.
Текширувда номаълум шахснинг ДНК излари олинади. Таҳлил 2017 йилда мажбурий геном рўйхатидан ўтказилган эркак кишининг
ДНКсига тўғри келади ва жиноят очилишига сабаб бўлади.

– Федерал базада кимларнинг профили бўлади?

– Геном маълумотлар базасида судланганларнинг, оғир ва ўта оғир жиноят қилганларнинг, шунингдек, жиноят жойидан топилган номаълум жиноятчиларнинг биологик материаллари ва шахси аниқланмаган мурдаларнинг геном маълумотлари сақланади.

– Келгусида геном маълумотлар базаси кенгайтириладими?

– Биз ҳар йили федерал геном маълумотлар базасидаги маълумотлардан фойдаланиб, 5000 дан ортиқ жиноятга дахлдор одамларни аниқлаймиз. Эндиликда биз жиноятга мойил шахслардан ДНК таҳлиллари олиб, федерал геном маълумотлар базасига киритишимиз керак. Бу таклиф ҳукумат томонидан қувватланди. Мазкур лойиҳада судланганлар, жазони ўтаб чиққанлар ҳамда гумондорларни мажбурий тарзда геном рўйхатига киритиш таклиф қилинган.

– Гумондор бўлмаган шахсларнинг ҳам ДНК маълумотлари федерал базага тушадими?

– Ҳа, тушади. Бундайларга шахси аниқланмаганлар ва изсиз йўқолганлар киради. Уларнинг геном маълумотлари уларнинг охирги марта бўлган жойидан олиниб, бир бири билан солиштирилади. Бу иш албатта ўз самарасини бераяпти. 2020 йилнинг 1 январида мамлакат бўйича 30 минг киши қидирувда бўлган, шундан 1000 таси изсиз йўқолган болалардир. Йил давомида 9000 нафарининг тақдири аниқланган бўлса, 2500 нафарининг шахси аниқланди.

Самарадорликни ошириш мақсадида уларнинг қариндошларидан ҳам мажбурий равишда ДНК маълумотлари олинади. Мазкур маълумотлар федерал базада 70 йил сақланади. Агар бу таҳлиллар изсиз йўқолган ва шахси аниқланмаганларнинг геном маълумотларига тўғри келса, базадан ўчирилади.

– Эски жиноятларни очишда ДНК маълумотларининг самараси қандай?

– Албатта, самараси жуда юқори. Масалан, 2009 йили Қозоннинг Авиастроитель туманида 30 ёшли зўрланган аёлнинг мурдаси
топилади. Жиноят жойидан биологик таҳлиллар олинади.
2021 йилда ўша ҳудудда яшовчи, қотилликда гумон қилинган 48 ёшли эркак қўлга олинади. Текширишларда жиноятчининг
2011–2017 йилларда Қозонда яна бешта жиноятни содир этгани аниқланди.

У 2009 йили Авиастроителда содир этилган қотилликда ҳам қўли борлигини тан олди.

– Битта жиноятни очиш учун нечта ДНК маълумоти ўрганилади?

– Бунинг аниқ ўлчови йўқ. Мана сизга битта мисол, 2018 йилнинг октябрь ойида Нижний Тагилдаги бир хонадонда маст эркак таниши бўлган 36 ёшли аёлни бир неча жойига пичоқ уриб ўлдиради. Аёлнинг 12 ёшли қизини эса бўғиб ўлдиради. Воқеа жойидан қурбонларга тегишли ноутбук ва планшетни олиб кетади.

Полиция ушбу ҳудудга ўрнатилган видеокамераларни текшириб, шу ерда яшовчи аҳолидан суриштиради. Суриштирув жараёнида аёлнинг номаълум эркак билан юргани аниқланади. Жиноятчининг фотороботи ишлаб чиқилади.

Жиноятчининг шахсини аниқлашга икки йил кетади. 14 минг кишидан олинган ДНК маълумотлари солиштирилиб текширилади. Таҳлил натижасида жиноятчининг қариндошлари топилиб, жиноятчининг изига тушилади ва у ушланади.


Фазилат ЁДГОРОВА таржимаси