Сал кам 2 млрд. сўм банкка топширилмаган…

13:00 - 14.07.2021

16

Ақл инсоннинг ҳар бир ҳаракатини тартибга солиб туради. Нафс эса одамзотни йўлдан оздиради. Шокир Мирхонов илгари бир эмас, икки марта судланган. Шунинг учун учинчи марта ноқонуний ишга қўл уриши унчалик қийин бўлмади.

Ш.Мирхонов 2014 йилнинг март ойида Когон туманида қайнукаси  Ш.Жумаев номига «Когон чорва насл моллари» МЧЖни очиб чорвачиликни йўлга қўйди. Аммо жамият таъсисчиси сифатида қайд этилган Ш.Жумаевнинг ҳеч нарсадан хабари йўқ эди. 

2015 йилнинг июль ойи бошларида ушбу жамиятнинг ноқонуний фаолияти юзасидан Ш.Мирхоновга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ўтказилиб, иш судга ошиб, ярашув асосида тугатилди. Йиқилган курашга тўймаганидек, ҳали тергов давом этаётган вақтда, яъни 2015 йилнинг 28 октябрь куни Ш.Мирхонов Ромитан туманида «Чорва насл парранда» МЧЖни очиб, унинг таъсисчиси сифатида ўзи ва қайнукаси Ш.Жумаевни кўрсатди. Ҳужжатларда Ш.Жумаевнинг 100 млн. сўм ва ўзининг 900 млн. сўм пули билан устав жамғармаси шакллантирилганини қайд этиб қўйди. Ишбилармон Ш.Мирхонов судда «Когон чорва насл моллари» фаолияти юзасидан текшириш ўтказилаётгани ва қўшимча солиқлар ҳисобланиб жуда кўп миқдорда жарима солингани сабабли жамиятнинг фаолиятини юрита олмагани туфайли бу МЧЖни очганини баён этади.

Жамиятнинг фаолияти 2014 йил ва 2015 йилнинг 1-ярмида амалга оширилган банк айланмалари асосида ўрганилганда жами 1 млрд. 936 млн. 789 минг сўм тушум банкка топширилмагани ва шу асосда 96 млн. 839 минг 400 сўмлик солиқ ҳисобланмагани ва бошқа ҳолатларни Ш.Мирхонов изоҳлаб бера олмайди. Бир хато бошқасини етаклаб келаверади. Хато ва камчиликларни яшириш учун жиноятга қўл уришади.

Қонун эса бунга қарши, ҳар қандай ноқонуний ҳолатга муросасиздир. Суд ҳукмига биноан Ш.Мирхоновга 3 йилу 10 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.