Дала ўртасидаги бино хаёлни бузди

10:30 - 14.07.2021

17

Учқун (исмлар ўзгартирилган) тадбиркорлигини кенгайтириш мақсадида ер олиш ҳаракатида эди. Бир куни ўз ишлари билан бошқа маҳаллада юрганида дала ўртасида қурилган биноларга кўзи тушиб, машинасини тўхтатди. Ўтган-кетган одамлардан бино кимники эканини суриштирди. Унга бинолар молхона экани, ер Ботир фермерга тегишли эканини айтишди.

Учқун қизиқиб, фермернинг ўғли Зафарни излаб топди. Ўзини таништириб, молхона қуриш учун ер излаётганини айтди. Икки-уч кундан кейин телефонлашишга келишишди. Учқун бир-икки кундан кейин яна телефон қилди. Зафар қишлоғидаги тўйхонага келишини айтиб, манзилни тушунтирди. Учқун келгач, ота билан танишди. Асосий масалага ўтилгач, Ботир:

– 1,2 гектар бўш ер қолган, 1,05 гектари сотилган, – деди.

– Шу ерни оламан, қанча дейсиз? – сўради Учқун.

– 18000 доллар бўлади. Ерни фермер хўжалиги балансидан ҳокимият захирасига қайтарамиз. Кейин сизга ҳужжатлаштирилади. Агар олмоқчи бўлсангиз ўйлаб кўринг.

– Ерни қачон кўрсатиб, ўлчаб берасиз?

– Мен яна ўйлаб кўрай, икки-уч кундан кейин хабарлашинг.

Учқун суҳбатни телефонига ёзиб олди. Бир неча кундан кейин хабарлашиб, фермер хўжалиги ерларига борди. Зафар ғалла экилган майдонни кўрсатиб, шу ер сотилишини айтди. Савдолашиб, 1,2 гектар ерни 14000 долларга келишишди. Учқун ернинг ҳужжатларини қандай расмийлаштиришни сўраганда:

– Отам ерни туман захирасига қайтариш тўғрисида ариза ёзиб беради, қолган ҳужжатларни ўзингиз қилиб оласиз. Ер сотиш мумкин эмас, шунинг учун 14000 доллар қарз олдим деб тилхат ёзиб беради, – деди.

Бу гапларни ҳам ёзиб олгач, Учқун телефондаги суҳбатларни дискка кўчириб, тегишли идорага мурожаат қилди. Учқуннинг аризаси юзасидан тадбир уюштирилди.

Ботир ва ўғли ноқонуний равишда фермер хўжалигининг 1,2 гектар ерини 14000 долларга келишиб, ўзаро ҳисоб-китоб қилаётган пайтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Кейин тергов бошланди. Барча ҳолатларга ойдинлик киритилди. Суд ҳукми билан Зафарга 110 250 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Ботирга 98 000 000 сўм жарима солинди ва ундирилди.