“Севги тўла суратларимни қайтаринг!”

13:30 - 13.07.2021

10

Қўшкўпирлик Ҳ.Ш. таниши А.И. билан икки йилдан зиёд ишқий муносабатда бўлиб келди. Суд маълумотларида уларнинг мактабда ўқиб юрган чоғларидаёқ бир-бирига кўнгил қўйгани очиқланган. Аммо орадан вақт ўтиб севги ўрнини нафрат эгаллади. Ҳ.Ш.нинг айтишича, суйган қизи бошқа биров билан ҳам гаплашиб юргани ҳақида эшитиб қолган. Бу ҳам етмагандек, Ҳ.Ш. ҳақида бўлмағур гаплар тарқатган. Шунда унинг хаёлига қиздан ўч олиш фикри келган.

2020 йили қиз унга яланғоч ҳолда расмга тушиб, ижтимоий тармоқ орқали юборганди. Ушбу суратларни телефонида сақлаб келаётганди. Ҳ.Ш. қизга қўнғироқ қилиб, «Агар 500 АҚШ доллари бермасанг, сирингни ошкор қиламан, расмларни интернетда тарқатиб юбораман» деб таҳдид қилди. Қўрқиб кетган қиз пул излашга тушди. Аммо тополмади. Кейин қариндошига маслаҳат солди. Маслаҳатдан сўнг Ҳ.Ш.га қўнғироқ қилиб, ҳозирча 100 доллар беришини, қолган пулни ҳам бўлиб-бўлиб беришини айтди. Истироҳат боғида учрашишга келишишди. Бир пайтлари уларнинг дил изҳорларига гувоҳ бўлган боғ энди маломатли мулоқотни ҳам миқ этмай эшитди.

А.И. «Қани менга суратларимни кўрсатинг» деди. Ҳ.Ш. «Samsung Galaxy A50» маркали телефонида сақлаб қўйган суратларини кўрсатди. «Нима қилсам ўчирасиз, бу суратларимни?» деб сўради А.И. «Ортимдан бўлмаган гапларни тарқатмасдан юрсанг ўчади». А.И. сумкасидан 100 долларни чиқариб узатди. Йигитча тантанавор ҳолда пулни олиб қўлида ушлаб турганида фуқаро кийимидаги орган ходимлари келиб, ўзларини таништиришди. Йигит 100 долларни товламачилик билан олган вақтида ушланди. Унга нисбатан қонуний жазо қўлланди.

Ёшларимизнинг бундай ҳаракатлари ҳар кимни ҳам ўйлантириб қўяди. Бу бизни тарбия масаласига жиддийроқ ёндашишга ундайди. Ўйлаймизки, бу воқеадан ҳар ким ўзига хулоса чиқаради.