“Инстаграмда бир шарманда қилмасамми?!”

11:00 - 13.07.2021

27

Дилшод (исмлар ўзгартирилган) бир куни Сарвиноз билан танишиб қолди. Ёшлар бир-биридан телефон рақамларини олишди. Бу орада Дилшод Россияда ишлаб келди. Келгандан сўнг Сарвинозга қўнғироқ қилди. Қизга Дилшоднинг гап-сўзлари ёқмади, унга бошқа телефон қилмаслигини, бир-бирига тўғри келмасликларини айтди. Қизнинг бу жавоби Дилшодни ғазаблантирди. Бир неча марта Сарвинознинг ишхонасига келиб жанжал кўтарди.

Бу орада қизга синфдоши Анвардан совчи келди. Икки томонга маъқул келиб, ёшлар унаштирилди. Кўп ўтмай тўй куни белгиланди. Буни эшитган Дилшоднинг хуноби ошди. Маст бўлиб қизнинг уйига борди, тўйни бузаман деб бақир-чақир қилди.

Ич-этини кемираётган аламга енгилган йигит Анварнинг уйига борди. Йигитни тополмай телефон рақамини бериб кетди. Анвар қўнғироқ қилганида унга ўзини таништириб, Сарвиноз билан ўрталарида яқин муносабат бўлганини айтиб, йигитни фикридан қайтаришга уринди. Бироқ у ўйлаганидай бўлмади. Тез орада йигит ва қизнинг тўйи бўлди.

Ҳасад ўтида ёнган Дилшод энди ўч олиш режасини тузди. «Instagram» ижтимоий тармоғидаги саҳифасига Анвар ва Сарвинознинг суратларини жойлаштирди. Одоб-ахлоқни унутиб қўйган йигит суратлар остига уларни камситувчи сўзларни ёзиб, ҳақорат қилди. Йигит ва қизнинг яқин танишлари хабардор бўлишини истаган Дилшод бу саҳифанинг иловасини уларнинг танишларига юборди.

Ёшлар тармоққа кириб ҳаммасини кўришди. Шундан сўнг Дилшоднинг устидан арз қилишди. Дилшод қилмиши ошкор бўлгач, пушаймон бўлди, бошқа бундай жиноят қилмаслигини айтиб, суддан қонуний енгиллик сўради. Суд ҳукми билан Дилшодга икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.