Косибнинг кўзи кеч очилди…

16:00 - 12.07.2021

5

Нишонлик Сайфиддин Жовлиев танишларини чув туширди. Ўшанда таниши Дилбар Рўзиева унга Эгамберди Пармоновни рўпара қилганди.

– Ўғлим Турдимурод кимё-технология соҳасида олий маълумотли мутахассис, – дея унга кўнглидагини айтди Эгамберди. – Ўз соҳаси бўйича ишга киришига ёрдам берсангиз…

Сайфиддинга ўша пайтда пул зарур бўлиб тургани учун ўйлаб ўтирмасдан 1400 доллар олиб келса, иши битишини ваъда қилди. Эгамберди пулни Дилбар опа орқали етказди. Аммо «ҳожатбарор» ишини ҳам ҳал қилмади, пулини ҳам қайтармади…

Сайфиддиннинг тузоғига тушганлардан яна бири ўзининг маҳалладоши, косиблик ортидан рўзғор тебратиб турган Ўктам Қирғизов бўлди. Ўктам устахонасида электр токини олиб ишлатгани учун ойма-ой Сайфиддинга пул тўлаб турарди. Бир куни Сайфиддин дўконига бош суққанида унга режалари ҳақида гапириб қолди:

– Устахонамни кенгайтирмоқчиман. Тадбиркор бўлиб рўйхатдан ўтдим…

– Яхши ўйлабсан, – деди Сайфиддин. – Наманганда танишларим бор. Оёқкийим тикадиган машинанинг ҳам каттаси, ҳам кичигини, оёқкийимларнинг елими ёпишгунча ушлаб турадиган зичлагич, ошланган чарм олиб келиб бераман…

Бу таклиф косибни қизиқтириб қўйди:

– Яхши бўларди. Харажати қандай бўларкан?

– Э, от билан туя бўлармиди? – Сайфиддин унинг елкасига қоқиб қўйди. – Ўзим ёрдам қиламан дедим-ку. Танишлар зўр. Бошланишига 4 млн. 500 минг сўм берсанг бўлди. Қолганини кейин ҳисоблашаверамиз…

Ўктам тезда айтган пулини унга қўшқўллаб топширди. Сайфиддин шу кетганича изсиз йўқолди. Бир ой ўтиб косиб уни кўчада учратиб қолди. Сайфиддин яна унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Бироқ асбобу чармдан дарак бўлмади. Устига-устак «ҳожатбарор» косибга қўнғироқ қилиб, яна пул сўраб қолди:

– Минг доллар пул керак. Ишингни тезлаштирамиз…

– Доллар йўғу, сўм бор… – иккиланиброқ деди Ўктам.

– Бўлаверади. Олиб кел. Минг доллар ҳисобида оламан…

Косиб пулни етказди. Бироқ жами 10 млн. 835 минг сўмга тушганини кечроқ англаб етди. Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судида Сайфиддин Жовлиевнинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, судланувчи 1969 йилда туғилган. Маълумоти ўрта, ишсиз. Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Илгари унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши амнистия шарофати билан тугатилган. Нишон тумани Нуристон маҳалласида яшайди.

Суд ҳукмига кўра Сайфиддин Жовлиев мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум қилиниб, унга иш ҳақининг йигирма фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган зарар ҳам ундан ундириб олинди.