Ўхшаш, аммо тақлид эмас

10:30 - 12.07.2021

11

Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида тадбиркорликни ривожлантириш хусусида кўп тўхталиб, уларга елкадош бўлиш, доимо қўллаб-қувватлаш, ҳақ-ҳуқуқларини, айниқса, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш барча даражадаги давлат органларининг асосий вазифаси бўлиши лозимлигини таъкидлайди. 

Бундай фикрлар ҳар қандай тадбиркорнинг ишлаш иштиёқини минг чандон орттиради. Аммо тадбиркорларнинг фаолиятига аралашиш, эмин-эркин ишлашига халал бериш ҳоллари ҳам йўқ эмас.

* * *

«Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасида товар ёки унинг тайёрловчиси хусусидаги ёлғон ё истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмаслиги белгиланган. Бундай белгиларга истеъмолчининг онгида товарнинг ҳақиқатга тўғри келмаган маълум бир сифати, унинг тайёрловчиси ёки келиб чиққан жойи ҳақида тасаввур ҳосил қиладиган белгилар киради.

Тошкент туманлараро маъмурий судида кўрилган «Dеntafill plyus» масъулияти чекланган жамиятининг Адлия вазирлиги апелляция кенгашига нисбатан қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий ишида ушбу қоидалар яна бир бор тилга олинди.

Суд мажлисида аниқланишича, 2019 йил 20 июнда «Colgate-Palmolive Companу» компанияси Апелляция кенгашига ариза билан мурожаат қилиб, «DentaGum» товар белгисига берилган гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Апелляция кенгашининг 2020 йил 9 сентябрдаги қарори билан ушбу ариза қаноатлантирилиб, гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилган. Даъвогар томон мазкур қарор амалдаги қонун-қоидаларга зид эканини маълум қилиб, Апелляция кенгаши қарорини ҳақиқий эмас деб топишни суддан сўради.

Таъкидлаш жоизки, Апелляция кенгаши қарорида «Dеntafill plyus» МЧЖга тегишли товар белгисида «Colgate-Palmolive Companу» компанияси товар белгиларига ўхшаш элементлар бўлгани ҳолда қонунчиликда белгиланган талаблар бузилиб рўйхатдан ўтказилгани кўрсатилган. Кенгаш товар белгисига гувоҳнома беришда қонун талаблари бузилганини аниқламаган ҳамда уларни исботламасдан товар белгисига бўлган гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топган. Шу билан бирга, Апелляция кенгаши юқорида қайд этилган қарорни қабул қилишда бир қатор қонунбузарликларга йўл қўйган.

Бу борадаги қонунчилик меъёрларида эса сўзли белгилар ўхшашлиги товушли, график ва мазмунан бўлиши мумкинлиги белгиланган. Апелляция кенгаши мутахассислар хулосасини умуман инобатга олмаган.

Шунга кўра суд «Dеntafill plyus» МЧЖнинг Адлия вазирлиги апелляция кенгашига нисбатан қарорни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантирди. Товар белгисига берилган гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор ҳам ҳақиқий эмас деб топилиб, Апелляция кенгашидан давлатга 2 млн. 450 минг сўм бож ундириладиган бўлди.