Янгича ишлаш вақти келмадими?

14:30 - 12.07.2021

7

Инсон зоти борки, ҳар қандай янгиликни тезда ўзлаштириб, унга кўникиб ҳам қолади. Бунга мисол қилиб жамоат транспорти учун ягона тўлов карталарининг жорий этилишини келтириш мумкин. Албатта, мазкур янгилик йўловчиларга яна бир қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган деб хурсанд бўлган эдик.

Хуллас, карта ишга тушгунча айрим автобусларнинг ўрта ва орқа эшигидан кўтарилишдаги тутқичларга қурилма ўрнатилганда йўловчилар унинг вазифасини тушунмаган эди. Ке йинчалик чиптачилар терминалга ўхшаш қурилма билан қуролланишди.

Вақти келиб аён бўлдики, қурилма стационар валидатор, чиптачилар ёнида олиб юргани эса мобили бўлиб, ҳар иккаласи ягона тўлов картаси учун экан. Фарқи шуки, мобил валидатор чипта чиқариб беради, стационари эса йўқ. Қайсидир маънода унинг илгариги ойлик йўл чиптасидан афзал томони ҳам бор дейиш мумкин. Қоғоз шаклидаги йўл чиптасини ой тугагач, ташлаб юборардик. Ягона тўлов картаси эса уч йилга мўлжалланган, пул ўтказиб қўйиб, ишлатиб юраверасиз.

Шу ўринда савол туғилади: тутқичга стационар валидатор ўрнатилган бўлса, чиптачилар ҳам валидатор олиб юришидан мақсад нима? Йўловчиларга фақат чипта чиқариб беришми? Унда тутқичга ўрнатилганининг нима кераги бор? Йўловчи қай бири орқали пул тўлаши керак?

Бундан ташқари, дейлик, автобусга чиққанингизда стационар валидаторга картангизни теккизиб олишингиз мумкин. Аммо бу ҳолатни чиптачи кўриши шарт, бўлмаса ишонмайди. Оқибатда бошқа йўловчилар олдида изза бўлишингиз мумкин.

Бунга бир мисол: янглишмасам 13-йўналишдаги автобус эди. Йўловчи йигит тўлов картасини тутқичдаги валидаторга теккизди. Аммо картадан пул ечилмади. Чиптачи бу ҳақда эшитгач, «Картангизда пул қолмаган. Йўлкирани нақд пулда тўланг!» деб туриб олди. Йигит кўнмади, телефонини олиб, текшириб кўрди. Балансида пул борлигини айтган эди, чиптачи унга қулоқ солмай, пул тўлашни талаб қилаверди. Бу тортишув ишдан чарчаб қайтаётган бошқа йўловчиларнинг асабига таъсир қилмай қолмади. Биров чиптачидан, бошқаси йигитнинг қайсарлигидан норозилигини яширмади. Бир маҳал йигит картасини валидаторга яна теккизган эди, пул ечилди. У алдамаганини айтишга улгурмасидан чиптачи энсаси қотганини яширмай, бурнини жийирганча нари кетди…

Яна бир ажабланарли ҳолат: илгари салонга чиқиб, чиптачига ойлик йўл чиптасини кўрсатардингиз. Манзилда тушмоқчи бўлсангиз, чиптачи сўроққа тутарди.

Боя кўрсатганингизни айтсангиз, «Мен бир ўзимман, сизлар эса кўпчилик» деб тўнғилларди. Ҳозир эса ундай гап йўқ. Балки ўтган давр мобайнида уларнинг эсда сақлаш қобилияти ўткирлашиб қолгандир?! Айрим чиптачилар эса салон бўйлаб юрар экан, хоҳласа ёнидаги, хоҳласа тутқичга ўрнатилган валидатордан пул ечишади.

Айтмоқчи, маълум бўлишича, тўлов картасини чиптачига бермай, валидаторга теккизиб олиш кифоя экан. Бу пандемия пайтида хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам тўғри ҳолат. Бироқ, чиптачиларнинг саноқлиларигина картани олмай, валидаторни тўғрилаб туришади. Қолганлари эса картангизга қўлини узатади. Бермасангиз, валидаторни чўзадию нега бундай қилганингизни тушунмагандек, ёвқараш қилади.

Хуллас, касбим тақозосига кўра бундан икки ҳафтача аввал юқорида қайд этилган саволларга жавоб олиш мақсадида «Тошйўловчитрансхизмат» унитар корхонасига бордим. У ерда фуқаролар қабулхонасига кириб, мақсадимни айтган эдим, бўлим бошлиғини чақириб беришди. Ўзини Ирода Исмоилова деб таништирган ходим келишим сабабини эшитгач, расмий хат билан мурожаат қилишимни сўради. Унга қонунга кўра оғзаки мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида тушунтирганимдан кейин саволларимни эшитиб, бир ҳафталарда жавоб тайёрлаб қўйишини айтди.

Белгиланган муддат келгач, унга қўнғироқ қилдиму жавобини эшитиб ҳайрон қолдим. Айтишича, сўровимга яраша маълумотларни тайёрлаб, раҳбариятга олиб кирибди. Корхона директори эса расмий хат билан мурожаат қилинсагина жавоб берилишини таъкидлаб, маълумотларни беришни тақиқлабди. И.Исмоилова шундан кейин жамият ҳуқуқшуносига учраб, ундан ҳам шундай жавоб олибди. Ваҳоланки, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасида мурожаатлар оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда бўлиши мумкинлиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар мурожаатларнинг турлари ҳисобланиши, мурожаатлар, уларнинг шакли ва туридан қатъи назар, бир хил аҳамиятга эга бўлиши белгилаб қўйилган!

2002 йил 12 декабрда қабул қилинган «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида
Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ ҳар ким ахборотни монеликсиз излаш, олиш, текшириш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқига, 9-моддасида эса ҳар ким ахборот олиш учун бевосита ёхуд ўз вакиллари орқали оғзаки, ёзма шаклдаги, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклдаги сўров билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган!

Бундан ташқари, 2014 йил 5 майдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонунда ҳам бу ҳақда баён қилинган. Жумладан, 18-моддада «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўров ахборотдан фойдаланувчининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот тақдим этиш ҳақида ушбу органларга ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига йўлланадиган оғзаки ёки ёзма шаклдаги (шу жумладан электрон ҳужжат шаклидаги) талабидир» деб кўрсатилган.

19-моддада эса ахборотдан фойдаланувчининг сўрови рўйхатдан ўтказилган кундан эъти боран кўпи билан ўн беш кунлик муддатда кўриб чиқилиши кераклиги; оммавий ахборот воситасининг давлат ҳокимияти ва бош қаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир, шунингдек мансабдор шахсларнинг интервьюсини ташкил этиш тўғрисидаги сўрови кўпи билан етти кунлик муддатда кўриб чиқилиши;

…Сўров рад этилган тақдирда ахборотдан фойдаланувчига
асослантирилган жавоб юборилиши кўрсатиб ўтилган бўлса-ю,
наҳотки, мутасаддиларнинг бундан хабари бўлмаса?! Ким билсин, балки «Тошйўловчитрансхизмат» унитар корхонаси директори Аҳмаджон Атажанов иши кўплигидан қонунлар билан танишишга вақт топа олмагандир?!

Аммо ҳуқуқшуноснинг бундан хабари йўқ бўлиши мумкин эмас. Айтмоқчи, фуқаролар қабулхонасида деворга осилган плакатдаги «Ҳар бир тизимдаги ўзгариш ларни жойлардаги одамлар сезиши керак. Шавкат Мирзиёев» деган ёзув эътиборимни тортган эди. Бошқаларни билмадиму, аммо камина бу тизимдаги ўзгаришларни ҳозирча сезганим йўқ. Эски даврдан қолган мерос – автобуслардаги тиқилинчлар, бекатларда белгиланган вақтдан ортиқ туриш лар, айниқса, интервалга риоя қилмаслик каби ҳолатларга ҳануз чек қўйилгани йўқ! Ким чек қўйиши керак? Шу соҳанинг раҳбарлари. Эскича фикрлайдиган, эскича ишлайдиган раҳбарлар билан эса узоққа бориб бўлмайди.

Ғофуржон АЛИМОВ,
«Huquq»