Уни бир гул каби авайласинлар

12:30 - 12.07.2021

30

Тўртинчи қаватнинг деразаси шарт очилди. Кимдир пастга бир қараб олди-да, ўзини ерга отди. Гурсиллаган ниманинг товуши эканини англамай ташқарига югуриб чиққан қўшнилар асфальт йўлакда қонга беланиб ётган одамни кўришди. Ёрдамга югурган аёл ерда юзтубан ётган одамнинг бўйин томирини пайпаслаб кўрди.

– «Тез ёрдам» чақиринглар? Тирик! Томири ураяпти!
– деди ҳовлиқиб.

Бир йигит «тез ёрдам»га қўнғироқ қилди: – Шу манзилга тез келинглар, бир эркак ўзини тўртинчи қаватдан ташлади.

Ҳамон беморнинг бошида ўтирган аёл: – Бу эркак киши эмас, Шаҳнозахон-ку! Ўзимизни қўшнимиз Шаҳноза, – деганча йиғлаб юборди.

Йиғилганлар ажабланишди. Чунки ерда ётган чалажон одам бир гапириб ўн куладиган Шаҳнозага сира ўхшамас, юз-кўзлари кўкариб кетгани, сочлари қайчилаб олиб ташлангани, қўлларидаги жароҳатлар аёлнинг кўпдан буён тазйиқ остида яшаганидан далолат берарди. Гарчи тўртинчи қаватдан биров уни итариб юбормаган бўлсада, қийнаб ўзини ўлдирар даражага етказишганини воқеага гувоҳ бўлганлар англаб етишганди.

Ривоят

Яратувчи аёлни ижод этганида фаришталар ҳайрон қолиб ундан сўрадилар: «Аёлни нега гул каби гўзал яратдинг?». «Эрлар бир гул каби авайласинлар», – дебди Яратган. «Уни нега бунчалар мунис яратдинг?», – такроран савол берибди фаришталар. «Одам болаларига оналик қилсин», – деган жавоб бўлибди. Фаришталар яна сўрабдилар: «Унинг кўксини нега бунчалар меҳрингла тўлдирдинг?». «То ки онаизорлар қиёматга қадар ер юзини меҳрга тўлдириб турсинлар», – деган экан Холиқ эгам. Аммо бугун гул каби авайлаши керак бўлгани ҳолда аёлларни хўрлайдиганлар ҳам бор. Кўпинча аёлга ситам унинг ўз яқинлари: кўз очиб кўрган турмуш ўртоғи, отаси, акаси, болалари томонидан бўлиши эса янада оғриқли…

Суд ҳужжатларидан

Судга оид тиббий эскпертизанинг хулосасига кўра фуқаро Ш.Абдуқодировада қўшма жароҳатлар – бош мия ёпиқ жароҳати, бош миянинг чайқалиши, ўнг томонлама думғаза суягининг бўйламасига синиши, икки томонлама қов ўтиргич суякларининг синиши, 2-, 3-, 4-бел умуртқалари ўнг томонлама кўндаланг ўсимталарининг синиб силжиши, ўнг елка суягининг ўрта учлигидан очиқ парчаланиб синган бўлакларнинг силжиши, кўкрак қафаси ёпиқ жароҳати, кўкрак қафаси чап томон 12-қовурғасининг ёпиқ синиши, ўнг товон суяклари парчаланиб синиши, ўнг елка синиши, ўнг болдир ошиқ бўғими эзилиб йиртилган яралари, ўнг тирсак бўғими ички юзаси санчилган яралари, пешона жароҳатлари, кўкрак-бел думғаза соҳалари юмшоқ тўқималари лат ейиши, травматик шокнинг 2-даражасидаги тан жароҳатлари аниқланди. Ушбу жароҳатлар оғир тоифага кириб, инсон ҳаёти учун катта хавф туғдириши кўрсатилган.

«Хотинимнинг хуштори бор»

Отабоев Шаҳзод Акбар ўғли (исм-фамилиялар ўзгартирилган), 1983 йилнинг 20 декабрида Тошкент вилоятида туғилган. Маълумоти ўрта-махсус, оилали, битта фарзанди бор. Вақтинча ишсиз. Илгари унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани судининг ҳукмига кўра 1 йилу 10 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайин ланган. Судда аниқланишича, Ш.Ота боев турмуш ўртоғи Шаҳноза Абдуқодирова билан муттасил жанжаллашиб келган.

Ш.Абдуқодирова Тур кияга кетиши ҳақида айтганда Ш.Отабоев унинг бу истагига қарши чиқиб, хонадон эшикларини қулфлаб қўйган. Ошхонадаги газ плитасини очиқ қолдириб, аёлни қўрқитган. Темир санчқини хотинининг ўнг тирсагига санчган. Шафқатсизларча қийнаб, сочларини чала олиб ташлаган.

Эр нима учун хотинига бундай шафқатсизликни раво кўрган?

Маълум бўлишича, Шаҳзод илгари ҳам уйланган, турмуши бузилгач, Шаҳноза билан оила қурган. Шундан сўнг улар ишлагани Туркия га кетишган. Аёл бола қараб, эр эса бемор одамни парва риш лаб пул топишган. «Измирдалигимизда ёқ аёлимнинг оёқ олиши ўзгарганини пайқадим. У менимча фоҳишалик билан ҳам шуғулланган», – дейди эр. Ўзбекистонга қайтиб келишгач, Шаҳзодга бир «дўсти» «хотинингнинг Туркияда хуштори бор эди» деган хабар ҳам жўнатган. Эр эса «олийжаноблик» қилиб, шунчаки хотини билан бошқа яшай олмаслигини, қизи учун яшаб турган уйини уларга беришини, аммо Туркияга қайтиб бормаслигини тушунтирган. Аёл гапга қулоқ солмагач, «озгина танобини тортиб қўйган», холос…

Шаҳнозанинг талқини эса бироз бошқачароқ: «Моддий етишмовчиликдан қийналганман. Бунинг устига эрим доим мени аёвсиз калтаклаб келган. Туркияга ҳам олиб бориб ишлатган ўзи. Ажрашган аёли билан яна дон олишса ҳам мен унга ҳеч нарса деёлмадим. Туҳмат қилиб, мени енгилтакка чиқарди, Туркияда бир неча бор ўласи қилиб урди. Бегона юртда мени ўз ҳолимга ташлаб, хабар ҳам олмай қўйди. Шу орада ҳаётимга бошқа эркак кириб келди ва менга моддий ёрдам бера бош лади. Буни Шаҳзод биларди. Шу боис келишиб ажрашмоқчи эдик. Аммо у мени қийнади. Уйни қулф лаб, деразаларни ёпиб, газ плитасини очди. «Ҳеч қаерга кетмайсан» деб қўлларимга санчқи санчди. Дуч келган жойимга урибтепиб, кўзимни ўйиб олмоқчи бўлди. Қўрққанимдан тўртинчи қаватдан ўзимни ташладим…».

Ҳукм ўқилди

Суд Ш.Отабоевнинг жиноятни содир этганликдаги айби, айбига иқрорлиги, жабр ланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқаларни инобатга олиб, Ш.Абдуқодировага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани, шаъни ва қадрқимматини камситгани туфайли аёлни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказган деб топди. Судланувчидан жабрдийдага 3 млн. 249 минг 691 сўм моддий зарар ундирилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Халқимиз «Қарс икки қўлдан чиқади» дейди.

Жиноят ишида ҳар икки томоннинг ҳам ўзига яраша хато ва камчиликлари борлиги аён бўлса-да, эркак киши оиласини, аёли-ю болаларини асраб- авайлаш ўрнига ўз ҳаётини ҳам, оиласини ҳам пароканда этгани ойдинлашади. Жон берувчи ҳам, олувчи ҳам Аллоҳ. Бировни ҳаётдан кетказишга, яшашдан бездиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Бири қамоққа кетиб, иккинчиси умрбод ногиронга айланган эрхотин зиммаларидаги бурч ва масъулиятни чуқур ҳис қилганларида эди, уларнинг оиласи саодат қас рига айланар, қизалоқ ҳам меҳрга қониб улғаяр, жамиятимиз асоси бўлган бир бино қуламаган бўларди…

Юлдуз ҲОЖИЕВА,
«Huquq»