108 нафар наманганлик боланинг гувоҳномаси йўқ

13:00 - 10.07.2021

21

Наманган вилояти прокуратураси органлари томонидан вояга етмаганлар билан боғлиқ қонунчилик ижросига устувор масала сифатида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, вояга етмаганларнинг ўз жонига қасд қилиши ва жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида 10 та ҳамкор ташкилот билан бирга режа ишлаб чиқилди. Унинг ижроси доирасида олиб борилган назорат тадбирларида 680 та бола ҳуқуқбузарликка мойиллиги аниқланиб, уларнинг ҳар бири билан суҳбат ўтказилди. Суҳбат асносида ўқувчиларнинг руҳий ва ижтимоий муаммоларини аниқлашга эътибор қаратилиб, уларнинг олдини олиш юзасидан тарғибот ишлари йўлга қўйилди.

Наманган шаҳрида ва барча туманларда болаларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказлари ташкил этилди. Вилоятда сектор раҳбарлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Шунингдек, вилоят прокуратураси томонидан туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлмаган болаларнинг нима учун гувоҳнома олмагани ва ижтимоий-ҳуқуқий аҳволи таҳлил қилинди.

Таҳлилга кўра вилоятда 108 нафар боланинг гувоҳномаси йўқ. Ўрганишлар бунга уларнинг онасига оналик факти белгиланмагани, фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилаётган бу тоифадаги ишларда оналик фактини белгилаш учун ДНК экспертизаси талаб қилиниши, бу эса ота-оналар учун турли қийинчиликларни вужудга келтираётгани ҳамда бошқа муаммолар сабаб бўлаётганини кўрсатди. Ушбу салбий ҳолатнинг олдини олиш мақсадида вилоят прокуратураси, ИИБ, ХТБ, ССБ ва Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси ўртасида 7-қўшма қарор ишлаб чиқилди.

Тадбир давомида ҳозирги кунга қадар 62 та болага гувоҳнома расмийлаштириб берилиши таъминланди.