307 маҳалладан 195 таси жиноятдан холи

18:00 - 09.07.2021

9

Навоий вилоятида 2021 йилнинг 5 ойида 928 та жиноят содир этилиб, шундан 220 таси маҳаллаларда юз берди. 195 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят бўлмади. Ҳар 100 минг аҳолига 91,5 та жиноят тўғри келди.

Вилоятдаги секторлар раҳбарлари томонидан 2021 йил 22 февралда маҳаллаларда жиноят содир этилишининг олдини олиш борасида қўшма фармойиш қабул қилинди. Фармойишга асосан вилоятдаги 307 та маҳалла криминоген вазиятдан келиб чиқиб, қизил, сариқ ва яшил тоифага ажратилди.

Қизил ва сариқ маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик эҳтимоли юқори бўлган объектлар, жиноятга мойил шахслар билан профилактик ишлар амалга оширилмоқда.

Криминоген вазият энг оғир бўлган 12 та маҳалла вилоят ҳокими, прокурор, ички ишлар, солиқ ва миллий гвардия раҳбарларига, Навоий шаҳридаги 10 та маҳалла вилоят секторлари раҳбарларининг ўринбосарларига бириктирилди.

Вилоятда 301 та жиноятни ёшлар содир қилган, уларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича 2021 йил 4 январда қабул қилинган дастур ижроси таъминланмоқда.

Мазкур йўналишда қизил ҳудуд ҳисобланган Кармана туманидаги 5 та ва Навоий шаҳридаги 1 та (Ўзбекистон маҳалласи) маҳалла танлаб олинди. Уларда профилактика инспекторининг таянч пункти ўрнига ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилди.

«Хавфсиз ҳудуд» лойиҳаси асосида жорий йилда маҳаллий бюджетдан ажратилган 1,5 млрд. сўм ҳисобига Навоий шаҳридаги 4 та марказий шоҳкўча ва 25 та чорраҳага 2876 та, 31 та маҳалладаги кўп қаватли уйларга 4814 та кузатув камераси ўрнатилди. Жиноятчилик юқори бўлган ҳудудларни камералаштиришга 3 млрд. сўмдан ортиқ пул сарфланиб, вилоят бўйича видеокузатув камералари сони 22244 тага етказилди.

Кармана туманида 11 та штат бирлигида профилактика инспекторининг ёрдамчиси (маҳаллий бюджетдан) лавозими жорий этилди. Натижада ушбу ҳудудларда муайян кўрсаткичларга эришилди. Жумладан, 5 ойда 45 та жиноятнинг фош этилиши, 219 кишининг унутиб қолдирилган буюмлари топиб берилиши, 138 та йўл-транспорт ҳодисаси бўйича жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг тез аниқланиши таъминланди.

Вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида вилоят прокуратураси ташаббуси билан 42 банддан иборат дастур ишлаб чиқилган.

Навоий шаҳрида жиноятчиликни жиловлаш мақсадида 26 февралда 24 та банддан иборат чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, ишлар шу асосда ташкиллаштирилди.

Айрим ҳуқуқбузарликлар йил давомида такроран содир қилингани жиноятларнинг кўпайишига олиб келиши боис Навоий тажрибаси асосида ҳар бир маҳаллада содир қилинган ҳуқуқбузарликлар муҳокама қилинмоқда.