«Темир дафтар»га киритиш қанча туради?

16:00 - 09.07.2021

13

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани суди томонидан Оқдарё маҳалласи биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида Ҳабибулла Жалоловнинг жиноят иши кўрилди. 1970 йилда туғилган Ҳ.Жалолов Шаҳрисабз тумани Оқдарё маҳалласи раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. Оилали, тўртта фарзанди бор.

2020 йилнинг карантин авжига чиққан палласи Дилмурод рўзғор юритишда анча қийналиб қолди. Маҳалла идорасига ёрдам сўраб бориб, у ерда Ҳабибуллани учратди. Оилавий шароитини айтиб, «темир дафтар»га киритиб, моддий ёрдам олишда ёрдам сўради.

Ҳабибулла уни дафтарга киритиб, отасидан 1 млн. 500 минг сўм пул бериб юборди. Аммо кейинроқ Дилмуродни чақириб писанда қилди:

– «Темир дафтар»га киритишнинг ўзи бўлмайди. Беш юз минг сўм бериб кетгин-да энди…

Муаммолар гирдобида турган Дилмурод унга бу пулни келтириб бера олмади. «Ҳожатбарор» Ҳабибулла 2020 йилнинг сентябрида унга қўнғироқ қилиб,  фарзандига икки ёшгача нафақа пулини таклиф қилди. Гап орасида “йўқ жойдан 1 млн. 500 минг сўм ёрдам пули чиқариб бергани”ни писанда қилди.

Шу сўзлашувдан сўнг Дилмурод Ҳ.Жалолов билан бир неча марта учрашди. Аммо ҳар гал у «ҳозир лимит йўқ, кейинроқ кел» деб нафақа пули чиқаришни чўзиб юрди. Янги йилдан сўнг боришида Ҳабибулла ниҳоят мақсадга кўчиб қўя қолди:

– Сен одамнинг тилини тушунмайсан-да, тушунганингда ҳалигача нафақа пулини олаётган бўлардинг. 400 минг сўм берсанг, муаммо ҳал. Тўғри тушун, пенсия жамғармасидагиларга, яна у ёқ-бу ёққа беришим керак…

Дилмурод узоқ ўйланиб, ниҳоят бир қарорга келди. Дастлаб унга 200 минг сўм келтириб берди. Ҳабибулланинг оғзининг таноби қочди.

– Қолганини эртага олиб келиб бераман, – деди Дилмурод. – Сиз ҳужжатларни тайёрлайверинг…

Эртаси куни Дилмурод унга яна шунча пул узатди. Аммо «ҳожатбарор» жиноят устида қўлга олинди. Суд ҳукм қилди. Ҳабибулла Жалолов 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тайинланди.

Ўз маҳалладошига ташвишли кунларида қўл узатиш ўрнига унга тама назари билан боққан раис ўринбосарининг суди бежиз унинг ўзи ишлаган маҳаллада ўтказилмади. Судланувчи бир умрлик сабоқ олди. Бу мажлисда ҳозир бўлган элдошлари эса жиноятга жазо муқаррарлигига яна бир бор амин бўлишди…