138 нафар аёл уй ташвишидан қутилди

12:30 - 09.07.2021

9

Фарғона вилояти прокурори Бахтиёржон Исмоилов Бувайда тумани аҳолиси билан учрашди. Араб маҳалласида яқин пайтгача мактабгача таълим ташкилотлари  йўқ эди. Тадбиркор Л.Имомова давлат-хусусий шерикчилик асосида 120 ўринли МТТ биносини қурди. Вилоят прокурори иштирок этган тадбирда «Гуласал она авлодлари» деб номланган ушбу муассаса очилди.

Бахтиёржон Исмоилов шу маҳаллада яшовчи, «аёллар дафтари»га киритилган Одинахон Султонованинг хонадонида бўлди. Иккинчи сектор ташаббуси билан ҳовлида ҳомийлар ҳисобидан тўрт хонали уй қуриб берилмоқда. Вилоят прокурори фуқаро билан суҳбатлашиб, қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

2021 йилнинг ўтган даврида вилоят 2-секторида яшовчи 138 нафар аёлга ҳомийлик ва ҳашар йўли билан уй қурилиши ва таъмирланишида ёрдам кўрсатилди. Вилоят прокурорининг туманга ташрифи давомида ташкил этилган сайёр қабулда аҳолининг муаммо ва эҳтиёжлари ўрганилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди. Кредит ажратиш, ишга жойлаштириш, даволанишга юбориш, коммунал хизмат ва бошқа масалаларга доир 22 та мурожаатдан 10 таси жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганишни талаб этадиган 12 тасининг ижроси назоратга олинди. Хусусан, ишга жойлашишда ёрдам сўраган Х.Алихоновнинг мурожаати шу куннинг ўзида кўриб чиқилиб, у тумандаги 28-мактабга техник ходим штатига ишга олинди. М.Ходибоеванинг онаси С.Ходибоевага аравача топширилди. «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизлар билан мулоқот асносида 52 кишига тикув машиналари ва меҳнат қуроллари беғараз берилди.