Газетада чоп этилгач…

15:30 - 08.07.2021

13

Газетамизнинг 2021 йил 22 апрель кунги сонида «Қурувчидан боғ қоладими ёки доғ?» сарлавҳали мақола чоп этилган бўлиб, унда Тошкент шаҳри Яшнобод тумани Алимкент 1-тор кўчасида қурилаётган кўп қаватли бинодаги антиқа ёндашув тилга олинган эди.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мазкур мақола мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганилган. Натижада қурилиш билан боғлиқ ноқонуний ишлар очилибди. Бу ҳақда таҳририятга Тошкент шаҳри прокурорининг ўринбосари А.Пўлатов маълум қилди.

Ўрганишда аниқланишича, Яшнобод тумани Алимкент 1-тор кўчаси 5-уйдаги 473 м2 ерда жойлашган, умумий майдони 73 м2га тенг бўлган 3 хонадан иборат бўлган тураржой «Eco Smart Home» МЧЖга тегишли бўлиб, 2020 йил 11 июнда туман қурилиш бўлими томонидан мазкур уй ўрнида 4 қаватли уй қуриш лойиҳаси тасдиқлаб берилган. Бироқ жамият томонидан якка тартибдаги тураржой ўрнига ноқонуний равишда кўп хонадонли тураржой қурилаётгани аниқланган. 5 июнь куни жамият раҳбарига қурилишни дарҳол тўхтатиш ҳақида ёзма кўрсатма берилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 12 февралдаги «Аҳоли пунктларини комплекс қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари қатъий бажарилишини назорат қилишни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан даъво аризаси киритиш учун туман ҳокимлигига юборилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари иштирокида ўтказилган ўрганишларда «Eco Smart Home» МЧЖ томонидан қурилиш жараёнида бинонинг ён томонидан ўсаётган заранг ва айлант дарахтлари бетон орасида қолдирилиб, уларга ўсишдан тўхташ даражасида шикаст етказилгани аниқланган. Мазкур ҳолат юзасида жамият раҳбари 18 июнь куни маъмурий жавобгарликка тортилган.  

Қисқаси, танқид ўз мевасини берди, ноқонуний қурилиш фош этилди, табиатга етказилган зарар учун эса жавобгар жазосини олди.