Илон Маск — Марс императори

11:00 - 08.07.2021

7

Илон Рив Маск (инглизча Elon Reeve Musk) – канада-америкалик инженер, тадбиркор, ихтирочи, инвестор. Элон Маск – «PayPal», «SpaceX», «Tesla» компанияларининг асосчиси, шунингдек амаки акалари асос солган «SolarCity» компанияси директорлар кенгашининг аъзоси.

Илон Маскнинг болалиги Илон Маск 1971 йил 28 июнда Жанубий Африка Республикасининг Претория шаҳрида туғилган. Онаси – Мей Маск, модел ва таниқли диетолог бўлган. Отаси – Эррол Маск – учувчи, денгизчи ва инженер. Маслаҳатчилик қилиб пул топган. Оилада уч фарзанд бор эди: Илон, укаси Кимбал ва синглиси Тоска. Болалар кичкиналигидаёқ ота-онаси ажрашишади, уларни отаси тарбиялайди. Кичкиналигида Илон бошқача бола бўлган, кўп китоб ўқиган. Отасининг эслашича, Илон учтўрт яшарлигида ундан «Дунё қаерда тугаб, қаерда бошланади?» деб сўраган.

Илон ва Кимбал «Pretoria Boys High School»да ўқишган. Илон мактабни физика ва информатикадан аъло баҳоларга тугатди. Ҳамма ўғил болалар сингари у ҳам мактабдаги тўполонларда қатнашган, ҳатто бир марта бурни синган. Болалигидан Илон кўп китоб ўқиган, фантастикани яхши кўрган, унга айниқса Жюл Верн, Айзек Азимов, Роберт Ҳайнлайн ва Жон Толкиннинг асарлар ёқар эди. Дуглас Адамснинг «Автостоп билан галактика бўйлаб» романи унга ўн тўрт ёшида тушкунликдан чиқишига ёрдам берган, «Академия» ва «Ой – баджаҳл бека» китоблари эса Илоннинг коинотга қизиқиб қолишига сабаб бўлган Илон Маск 10 яшарлигида унга «Commodore VIC-20» компьютерини совға қилишади. У компьютерда дастурлашни ўрганиб, 12 ёшида ўзининг биринчи дастури – «Blastar» ўйинини 500 долларга сотади, бу ўйинда ўзга сайёраликларни лазерли тўпдан ўққа тутиш мумкин эди. ЖАРда армияга чақирилишдан қочиб болалар Канадага, онасининг ёнига кетишади. Йўл пулини Маскнинг ўзи фармацевтика компаниясининг акцияларини сотишдан топган эди.

Илон 19 ёшида Онтариодаги Кингстон қироллик университетига ўқишга киради. 1992 йили Маск АҚШга кўчиб ўтади, Пенсилвания университетига кириб, физика (санъат ва фан коллежи) ва иқтисодиёт (Уортон бизнес мактаби) бўйича бакалавр илмий даражасини олади. Вақт ўтиб Стэнфорд университетига ўқишга киради, лекин таҳсилни тугатмайди.

Илон Маскнинг карьераси «Zip2» – ака-ука Масклар 1996 йили ташкил қилган биринчи компания. Улар дастурий таъминот ишлаб чиқариш билан шуғулланган. Уларнинг лойиҳаси «Сариқ саҳифалар»нинг рақамли аналоги бўлиб, унинг ёрдамида Сан-Францисконинг исталган жо йи дан туриб энг яқин пиццахонани топиш мумкин эди. Бошида иш Илон кутганчалик юришмади, аммо тинимсиз меҳнат стартапни шу даражага олиб чиқдики, охири инвесторлар унга қизиқа бошлади. Тез орада «Compac» фирмаси «Zip2»ни 307 миллион долларга сотиб олди, шундан 22 миллиони Илон Маскнинг ўзига тегди ва у 27 ёшида миллионерга айланди.

1999 йилнинг март ойида Илон Маск банк тўловлари соҳасида инқилоб қилиш ниятида 12 млн. доллар пул тикиб «X.com»нинг таъсисчиларидан бири бўлди. 2000 йилдаёқ «X.com» ва «Confi nity» компанияларининг бирлашуви «X.com» ва «PayPal» тизимларининг бирлашувига олиб келди. Маск янги тузилма «PayPal» эмас, «X.com» деб аталишини талаб қилди. Бу ташкилот ичида ихтилоф га сабаб бўлди ва директорлар кенгашининг қарорига кўра Илон истеъфога чиқди. Лекин бу сафар ҳам Маск стратегик ва иқтисодий жиҳатдан тўғри йўл тутган эди. 2002 йилнинг октябрида «eBay» компанияси «PayPal»ни 1,5 млрд. долларга харид қилди, Илон эса 11,7 фоиз акцияси учун 175 млн. долларни қўлга киритди.

Илон Маск ва «SpaceX»

2002 йил июнь ойида Маск ўзининг учинчи компанияси –«SpaceX»га асос солди. Илоннинг ушбу компанияси космик ишланмалар билан боғлиқ бўлиб, ундан коинотга учиш харажатларини камайтириш, коинотни ўрганишга ёрдам бериш, хусусан Марсни эгаллаш мақсад қилинган. Бош муҳандиси Илон Маск бўлган «SpaceX» 2006 йил 24 мартда «Falcon 1» ракета ташувчисини учирди, лекин уриниш авария билан тугади. Аммо шу йили «SpaceX» «NASA»нинг «Commercial Orbital Transportation Services (COTS)» танлови ғолибларидан бирига айланди ва «Falcon 9» ракета ташувчиси ва «Dragon» кемасини ишлаб чиқиш учун 396 млн. долларни қўлга киритди. 2008 йил 28 сентябрда «Falcon 1» биринчи марта муваффақиятли парвоз қилди ва орбитага фойдали юк билан чиқди. Илон Маскнинг жўшқинлиги туфайли компания кўп марта фойдаланиш мумкин бўлган ракета ташувчиларнинг икки тури: «Falcon 1» ва «Falcon 9»ни, шунингдек «Dragon» космик кемасини ишлаб чиқди.

2008 йилнинг декабрида NASA компания билан «Falcon 9»ни 12 марта учириш, кейинчалик эса «Dragon» космик кемасини Халқаро фазовий станцияга туташтириш бўйича 1,6 млрд. долларлик шартнома имзолади. Бунгача америкалик астронавтлар ХФСга «Space Shuttle» кемаларида учган, аммо 2011 йилга келиб бу дастур ёпилган эди. «SpaceX»нинг кейинги муваффақиятлари: «Dragon» кемасининг учирилиши, 2010 йил 8 декабрь куни орбитага чиқиб, ерга қайтиб тушган; тарихда илк марта Ер яқинидаги орбитага юк олиб чиққан кўп қисмли ракетанинг биринчи қисмининг ерга қўндирилиши (2015 йил 22 декабрь), биринчи марта «Falcon 9»нинг биринчи қисмининг денгиздаги «Autonomous Spaceport Drone Ship» платформасига қўндирилиши (2016 йил 8 апрель) ҳамда биринчи марта «Falcon 9»нинг ишлатилган қисмининг қайта учирилиши ва қўндирилиши (2017 йил 31 март).


Маскнинг орзуларидан бири Марсни ўзлаштириш эди. Илоннинг фикрича, Марсни тадқиқ этиш ушбу сайёрага парвоз нархини киши бошига 500 минг доллар этиб белгилаш имконини беради, буни ривожланган давлатлар аҳолисининг чўнтаги кўтаради, қолаверса шу тариқа бошқа сайёраларни ўзлаштиришга йўл очилади. Илон Маск Марсни ўзлаштириш борасида бир неча марта фикр билдирган, жумладан у сайёра юзасини иситиш ва яшаш учун қулай ҳолатга келтириш мақсадида Марс қутбларига термоядро бомбаларини ташлашни таклиф қилган.

2016 йилнинг апрел ойида «SpaceX» компаниясининг «Red Dragon» кемаси 2018 йилдаёқ Марсга парвоз қилиши ҳақидахабар тарқалди. Марсга экспедиция давомида сайёра юзасига катта юкларни етказиш технологиялари пишитилади. Сафар муваффақиятли бўлса «SpaceX» Марсга кема жўнатган биринчи хусусий компанияга айланади. 2017 йилнинг майида оммавий ахборот воситалари Американинг «Elysium Space» компанияси марҳумларнинг хоки учун космик кемадан жой сотилаётгани ҳақида хабар беришди. «Elysium Space»-ни орбитага «SpaceX» компаниясининг «Falcon 9» ракета ташувчиси олиб чиқиши режалаштирилган. Айтишларича, қариндошлар яқинларининг хокини 2500 доллар эвазига коинотга жўнатишлари мумкин экан. Катафалк икки йил Ер атрофида учиб юради, кейин атмосферага кириб ёниб кетади.

2017 йилнинг сентябрида «SpaceX» компаниясининг раҳбари Илон Маск ракетадан фойдаланган ҳолда ер шарининг исталган жойига ярим соатда учиб бориш мумкинлиги ҳақида маълум қилди.

Маскнинг «Instagram»да ёзишича, чипта нархи эконом классдаги самолёт чиптаси нархича бўлар экан. Хомаки номи BFR бўлган янги ракетада компаниянинг аввалги ютуқларидан фойдаланилади. Ракета «Falcon 9» ва «Dragon»нинг ўрнини босиши, Ой ва Марсга парвозларда қўлланиши мумкин. BFR ер яқинидаги орбитага чиққач қўшимча ёнилғи олади, сўнг манзил томон учади, технология унга Ойга бориб қайтиш имконини беради.

«Falcon Heavy» ва «Crew Dragon» кемасининг учирилиши

2018 йил 6 февралда «SpaceX» ниҳоятда оғир «Falcon Heavy» ракета ташувчисини учирди, у Маскнинг коллекциясидаги «Tesla Roadster» автомобилини ҳайдовчи ўриндиғидаги инсон макети билан бирга гелиостационар орбитага олиб чиқди. Шу билан бирга компания ракетанинг марказий кучайтирувчи блокини Ерга қайтаришда қийинчиликка дуч келди. Маскнинг айтишича, афтидан қўниш олдидан секинлашиш учун кучайтирувчи блокка ёнилғи етмай қолган ва у қўниши керак бўлган платформа яқинидаги сувга қулаган. Оқибатда платформа ва унга ўрнатилган камераларга шикаст етган.

2019 йилнинг апрелида «Falcon Heavy» орбитага алоқа йўлдошини муваффақиятли олиб чиқди. Шу йилнинг кузида NASA Америка кемаси узоқ танаффусдан сўнг биринчи марта 2020 йилда коинотга парвоз қилиши ҳақида хабар берди. «Келаси йилнинг биринчи ярмида америкаликларни коинотга Америка заминидан учиришимизга аминмиз», – деган NASA раҳбари Жеймс Брайденстайн. 2020 йил 30 майда «Falcon 9» ракета ташувчиси ичида астронавтлар Боб Бенкен ва Даг Херли бўлган «Crew Dragon» кемасини орбитага олиб чиқди. Парвоз жараёни NASA сайтида жонли эфирда кўрсатилди. 2011 йилдан бери биринчи марта NASA астронавтлари Халқаро фазовий станцияга Россиянинг «Союз» кемасида эмас, Америка кемасида етиб боришди.

Шундан сўнг Илон Маск «Рос космос» бош директори Дмитрий Рогозин 2014 йилнинг апрелида «Twitter»да Россия АҚШ санкцияларига жавобан америкалик астронавтларни ХФСга олиб бориб қўйишдан бош тортиши мумкинлиги ҳақида ёзганини эслади. Ўшанда Рогозин америкаликларга ХФСга бориш учун батутдан фойдаланишни маслаҳат берган эди. Парвоздан кейинги матбуот анжуманида журналистлардан бири Жеймс Брайденстайн билан Илон Маскдан россиялик ҳамкасбларидан бирон-бир хабар олган-олмаганлиги ҳақида сўради. Брайденстайн бунга жавобан «Рогозин билан гаплашмадиму, аммо унинг табрикномасига кўзим тушди» деди. Маск эса «батутимиз иш бераяпти» деди кулиб ва бу гап «ўзаро ҳазил»-лигини таъкидлади.

Илон Маскнинг «Tesla»си

2003 йилда Илон Никола Тесла шарафига «Tesla Motors» деб номланган компанияни ташкил қилди. Компания экологик тоза электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

2008 йилда «Tesla Motors» ўзининг «Tesla Roadster» номли биринчи электромобилини ишлаб чиқарди. Автомобиль танқидга учради, бироқ Илон Маск ва унинг компанияси ишлашда давом этди ва 2011 йилда такомиллаштирилган «Tesla Model S» автомашинасини тақдим этишди. 2012 йил 27 сентябрда узоқ масофаларга саёҳат қилиш имконини берувчи суперзаправкалар тармоғи ишга туширилди.

Иккита «Tesla Model S» электромобили 2014 йил 28 январдан 2 февралгача ғарбий соҳилдан шарқий соҳилга етиб борди. Автомобилларни қувватлаш учун фақат «суперчаржер»лардан (электр қувватлаш станциялари) фойдаланилди. Лос-Анджелесдан бошланган сафарга 76 соат вақт ва 0 долларлик ёнилғи сарфланди. Шу тариқа Гиннес рекорди ўрнатилди.

2014 йилнинг охирида «Tesla Motors» «Tesla Model X» номли янги электромобиль-кроссоверини чиқарди. 2016 йилда арзонроқ «Tesla Model 3» модели тақдим этилди. Шу йили компания акциясининг нархи 231,55 долларга, бозордаги қиймати 29 млрд. долларга етди. «Tesla Model 3»нинг батареялари қуввати 350-400 километр йўл юришга етади. Автомобилнинг қиймати 35 000 доллардан бошланади.

2016 йилда «Тесла»га «Model 3»ни харид қилиш бўйича 373 мингдан зиёд буюртма келиб тушди. Маск жуда кўп буюртма олингани муносабати билан компания ишлаб чиқаришни кўпайтиришни иложи борича тезлаштиришга уринаётганини маълум қилди. 2017 йилда «Tesla»нинг фаолияти кенгайиши, яъни электр энергиясида
юрадиган оғир юк автомобиллари ва шаҳар йўловчи транспорти ишлаб чиқарилишини айтиб ўтди. Илоннинг айтишича, «Tesla Motors»нинг учар автомобиль яратишга салоҳияти етади, аммо уни шовқинсиз ва хавфсиз қилиш қийин. Боши узра автомобилларнинг гувиллаб учиб юриши ҳам одамларга ёқмаслиги тайин.

Илон Маскнинг «Hyperloop»и

2012 йилда Маск коинотни забт этиш режасидан ташқари яна бир лойиҳаси – «Hyperloop» («Улкан ҳалқа») қувурда катта тезликда юрувчи йўловчи транспорти ҳақида маълум қилди. 2012 йилги интервьюсида Маск янги транспорт самолётдан икки баробар, тезюрар поезддан уч-тўрт баробар илдамлиги, хавфсиз бўлиши ва қуёш энергиясида ишлашини айтди, бунинг устига у ҳозир қурилаётган Калифорния тезюрар темирйўлидан анча арзонга тушар экан. 2017 йилнинг ёзида АҚШ ҳукумати Илон Маскка «Hyperloop» лойиҳасини амалга ошириш учун Нью-Йорк ва Вашингтон ўртасида туннел қурилишини бошлашга рухсат берди. Бизнесменнинг ваъда қилишича, унинг лойиҳасиодамларга бу икки шаҳар ўртасидаги 250 километр масофани ярим соатга қолмай босиб ўтиш имконини беради.

Илон Маскнинг ижтимоий фаолияти

Илон Маскнинг яхши лойиҳаларидан яна бири – «SolarCity». Компания электр энергияси оли надиган қуёш панелларини ишлаб чиқаради. «SolarCity» бу борада дунёдаги етакчи компаниялардан биридир. Миллиардер Илон Маск эҳсон қилишни унутмайдиган сахий бойлардан. У «Musk Foundation» хайрия жамғармасига ҳам раислик қилади. 2015 йил январь ойида жамғарма Англиядаги Инсоният келажаги институтига сунъий интеллектни назорат қилиш бўйича тадқиқотлар учун 10 млн. доллар хайрия қилган.

Россия президенти Владимир Путиннинг сунъий интеллект яратилиши ҳақидаги сўзларига Илон Маскнинг изоҳи жуда қизиқ. «Менимча сунъий интеллект соҳасида етакчиликка интилиш Учинчи жаҳон уруши бошланишига сабаб бўлиши аниққа ўхшайди», – деб ёзган Маск. Унинг фикрича, мазкур пойгада Россия, Хитой ва компьютер илми яхши ривожланган бошқа мамлакатлар қатнашиши мумкин. «Tesla» асосчисининг тахминига кўра сунъий интеллект олдинроқ зарба бериш ғалаба қозониш имкониятини оширади деб ҳисобласа ўзи урушни бошлаб юбориши мумкин.

Илон Маскнинг даромадлари

«Forbes»нинг 2017 йил август ойида маълум қилишича, Илон Маскнинг бойлиги 20 млрд. АҚШ долларидан ошган Технологик миллиардерларнинг йиллик рўйхатида Маск шу тариқа 20,7 млрд. доллар билан 12-ўринни эгаллаб, «Microsoft» корпорацияси таъсисчиларидан бири Пол Аллен (20,5 млрд. доллар) ва «Alphabet» компанияси директорлар кенгаши раиси Эрик Шмидтни (12,4 млрд. доллар) ортда қолдирган.

«Forbes» журналининг 2018 йилги рейтингида Илон Маскнинг бойлиги 22,5 млрд. доллардан кўпроққа баҳоланган. «Bloomberg» агентлигининг баҳолашича, 2020 йил 20 январда Маскнинг бойлиги 33 млрд. долларга етган.

Илон Маск кинода

Илон Маск Америкада жуда машҳур. «Темир одам» (2008) фильми режиссёри Жон Фавронинг айтишича, Илон Маск фильм даги Тони Старк образининг прототипидир, ушбу ролни актёр Роберт Дауни ўйнаган.

2010 йили Маск «Темир одам-2» фильмида қатнашди – ўз ролини ўзи ўйнади (сюжет бўйича у Тони Старкнинг ошнаси бўлади). Илон Маск «Симпсонлар» мультсериалининг 2015 йил 25 январда чиққан 26-фасли 12-эпизодида камеога (кичкина рол, одатда машҳур кишилар ўз ролини ўзи ўйнайди) овоз берган. «Катта портлаш назарияси» сериалининг 9-фасли 9-эпизодида ҳам Маск кичкина роль ўйнаган. 2017 йили «Нега у?» комедиясида у ўз ролида қатнашган.

Маск самолёт ҳайдашни билади. Унинг Чехословакияда (1993 йил 1 январгача Чехия ва Словакия битта давлат бўлган) ишлаб чиқарилган «Aero L-39 Albatros» самолёти, «Dassault Falcon 900» реактив самолёти бор. 2013 йил октябрь ойида Маск Жеймс Бонд ҳақида 1977 йили ишланган «Мени севган жосус» фильмидаги «Wet Nelliе» автомобил-кемасини кимошди савдосида 997 минг долларга сотиб олган.

Рус тилидан
Ҳасан НИШОНОВ
таржимаси