Ўйинчоқлар бола учун эрмакми?

17:30 - 07.07.2021

6

Француз адиби Жан Жак Руссо «Болаликни севинг, унинг ўйин ва эрмакларига, мурғакликка, табиий туйғуларига эътибор беринг» деган эди. Дарҳақиқат, болаларнинг ҳаракатларини кузатсангиз, уларнинг илк ҳаётий тасаввурлари ва тушунчаларини англайсиз. Шунингдек, болаларнинг ҳар бир ҳаракати, жумладан, ўйнаётган ўйинчоқлари келажакда уларнинг ким бўлишини маълум даражада белгилаб беради. Зеро, ўйинчоқлар болаларнинг дунёқараши шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.

– Психологик жиҳатдан олганда, боланинг ташқи муҳитга мослашиши, нутқининг ўсиши, жамоага киришиб кетишида қўғирчоқлар асосий восита бўлади, – дейди Қарши шаҳридаги 25-мактабгача таълим муассасаси руҳшуноси Феруза Умирова. – Шунингдек, ўйинчоқлар боланинг мустақил ҳаракат қилишида, меҳнатга муносабати, характери шаклланишида муҳим роль ўйнайди.

«Демак, ўйинчоқларнинг бола тарбиясидаги ўрни шунчалар муҳим экан, ўйинчоқ танлашда нималарга эътибор қаратишимиз керак» деган саволимизга руҳшунос қуйидагича жавоб берди:
– Аввало, ўйинчоқ боланинг ёшига мос бўлиши керак.

Уч ёшгача бўлган гўдакларга рангли, ёрқин, ясси, думалоқ, ўртача катталикдаги ўйинчоқлар тавсия қилинади, масалан, шақилдоқлар, резина ўйинчоқлар ва ҳоказо. Уч ёшдан катта, яъни мактабгача таълим ёшидаги болаларга эса мураккаб тузилишга эга, уларнинг тафаккурини бойитувчи, маълум бир касб эгалари фаолиятини акс эттирувчи ўйинчоқлар, масалан, машиналар, турли қўғирчоқлар, конструкциялар, мозаикалар ва бошқаларни танлаш мақсадга мувофиқ.

Руҳшуноснинг таъкидлашича, агар ўйинчоқ боланинг ёшига мос бўлмаса, бола уни тушунмайди ва уни ўйнашдан зерикади. Иккинчидан, бола ўйинчоқ билан бевосита мулоқотда бўлгани сабабли у албатта тоза, боланинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатмайдиган бўлиши лозим.

Шу маънода Фазилат Ёдгорованинг газетамизнинг 29 апрель сонида чоп этилган «Эҳтиёт бўлинг, хавфли ўйинчоқ!» сарлавҳали мақоласида жуда долзарб мавзу қаламга олинган.

Учинчидан, ўйинчоқлар боланинг мафкурасига қанчалик таъсир кўрсатишини инобатга олиш зарур. Қизчаларимизнинг энг севимли ўйинчоғи қўғирчоқ эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, улар асосан ўйнаётган қўғирчоқлари кўринишидан ўрнак олади. Хўш, қизалоқларимиз қандай қўғирчоқлар ўйнашаяпти? Ойнадаги акс – Бир вақтлар опам ўйнаган қўғирчоқларни онам ҳозиргача сақлаб қўйган, – дейди Феруза Умирова. – Қарангки, ўша қўғирчоқлар қизалоқларга ҳар томонлама мос ва катталарда ҳам меҳр уйғота оладиган кўринишда экан. Бугун-чи?

Онаси олиб берган қўғирчоқни ўйнаётган қиз болаларча соддалик билан унга тақлид қила бошлади. Чунки катталарникидек турмакланган сочи, бўялган лаблари, олмадек қизартирилган юзи ва ажабтовур шакли (қомати) қизалоқда ўзгача қизиқиш уйғотганди. Қизча минг хархаша билан онасиниг упаэлигини қўлга киритиб, ойнага қараганча лабига бўёқ сура бошлади. Унинг бу ишини кўриб онасининг завқи келди. Бу табиий ҳол эди, албатта. Чунки бола энди ортиқча хархаша қилмас ва онасининг назарида фаҳми ортиб бораётганди. Бироқ у ҳали мурғак қизалоқ эканлиги, бундай қўғирчоқларни ўйнаш бора-бора болага акс таъсир кўрсатишини она ўйлаб ҳам кўрмади. Ваҳоланки, боланинг қалби ойнадек тиниқ. Унда ҳамма нарса – нимани кўрса, барчаси акс этади.

– Эътибор бераётган бўлсангиз, бугун қизларимиз ўйнаётган
қўғирчоқлар шаклан қўғирчоққа ўхшамайди, – деди руҳшунос. – Уларни балоғат ёшидаги олифта қизларнинг жонсиз тимсоли деб аташ ўринли бўларди. Дуркун қомат, ишвали нигоҳ, қолаверса, айтишга катталар истиҳола қиладиган яна қанча жиҳатлари бор бу қўғирчоқларнинг. Уларни болалар эмас, кўпроқ катта ёшдагилар «ўйинчоғи»га қиёслаш мумкин. Бу қўғирчоқлар бизнинг миллий қадриятларимизга – ҳаё, шарм каби туйғуларимизга чанг солишга чоғлангандек гўё.

Кимдир қўғирчоқ шунчалик катта муаммо бўлдими деган фикрни билдириши ҳам мумкин. Бироқ биз назарга илмаган оддий ҳолат кейинчалик катта муаммога айланадики, бунинг олдини олмаганимиздан афсусланамиз. Азалдан қизларимизнинг қулоғига ҳаё ва андиша гўдаклигиданоқ қуйилади. Уят тушунчаси шу қадар мустаҳкам сингдириладики, кейинчалик уятнинг ўлимдан қаттиқлиги тўғрисидаги тасаввур ҳар лаҳза уларни ёмон одатлардан сақлаб туради.

Бугунги қўғирчоқлар-чи? Уларни оммавий маданият ниқоби остида кириб келаётган, маънавиятимизга қаратилган таҳдидлардан бири дея бемалол айтиш мумкин. Гап шунчаки қўғирчоқлар хусусида эмас, албатта. Гап уларнинг ёш авлод тарбиясига салбий таъсири, одоб-ахлоқига, маънавиятига таҳдиди ҳақида. Маънавий таҳдид нима? У кишининг ўйларини буткул ўзгартириб юборадиган, ўзлигини унутишга етаклайдиган куч. Ажабтовур қилиқлар қилиб саҳнага чиққан «қўшиқчи»га ақлини таниган ёшлар тақлид қилишади-ю ёшгина қизалоқ қўлида кўтариб юрган қўғирчоғининг кийими-ю юзидаги «безак»ларига тақлид қилмайдими? Атлас либосли қўғирчоқ

– Бола эдим, турли хил, сочлари попук қўғирчоқларни ўйнашни яхши кўрардим, – дея ёшлигини эслайди Чироқчи туманидаги 3-мактаб ўқитувчиси Манзура Лутфуллаева. – Савдо расталаридаги сариқ сочли, оқ кўйлакли «Барби»ларни кўрганимда бирам ҳавасим келардики. Лекин улар атрофимдаги ҳеч кимга ўхшамасди, уларни негадир таниёлмасдим. Моможоним ясаб берган қўғирчоқларнинг эса ҳар бири ўзимга, дугоналаримга, қишлоғимдаги келинчакларга жуда ўхшарди: сочлари майда ўрилган, кокилли, атлас кўйлакли, қошларига ўсма тортилган. Шу сабабли яхши кўрган қўғирчоқларим ўйин учун ясатилган хонамнинг тўридан жой оларди.

Шу боис қиз болаларга ўзбек миллий либосидаги қўғирчоқларни танлаш керак бўлади.

Бу каби ўйинчоқлар болаларда ижобий сифатларни шакллантиради. Шунинг учун ўзимизда ишлаб чиқарилаётган ўйинчоқларда ўзбек эртаклари, миллий мултфильмларнинг қаҳрамонлари ёки буюк сиймоларимизнинг қиёфалари ўз аксини топса, нур устига нур бўларди. Ҳозир эса дўконларда чет эл мултфильмларининг образлари гавдалантирилган ёки Фазилат Ёдгорованинг мақоласида қайд этилганидек, кичкинтойлар саломатлигига хавф солувчи ўйинчоқлар кўпроқ.

Бола учун ўйинчоқлар шунчаки эрмак эмас, ҳаётининг бир қисми. Шу боис бугунги кунда болаларнинг соғлом, ақлли, етук инсон бўлиб вояга етиши учун давлатимиз томонидан мактабгача таълим муассасалари ўйинчоқлар билан таъминланмоқда.

Ўйинчоқлардан турли машғулотлар ўтказишда ҳам фойдаланилади. Хусусан, болаларга чет тилини ўргатишда ўйинчоқлардан фойдаланиш яхши самара беради.

– Болаларнинг ўз қўли билан ўйинчоқ ясаши ҳам ниҳоятда фойдали, –дейди Феруза Умирова. – Бу жараёнда уларда табиат ва меҳнатга оид илк билим ва кўникмалар шаклланади. Жумладан, боғчада беш-олти яшар болаларга турли табиий хомашёлар, ёнғоқ пўчоқлари, шунингдек қоғоз, пластилин ва газламалардан ўйинчоқлар ясаш ўргатилади. Бу орқали аввало болалар ҳайвонот ва ўсимликлар олами билан танишади.

Иккинчидан, уларда меҳнатга, касбга нисбатан меҳр уйғонади ва бировнинг меҳнатини қадрлашни ўрганади. Учинчидан, болаларда ижодкорлик қобилияти шаклланади.

Хулоса қилиб айтганда, ўйин чоқлар болалар учун асло эрмак эмас. Улар жажжи ўғил-қизларимиз учун дунёни англаш воситасидир.

Норбўта ҒОЗИЕВ,
«Huquq»