“Ем сотиб юрганим яхши эди”

13:30 - 07.07.2021

29

Наманганлик Шароф Қувватов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам бинойидек тадбиркорлик билан шуғулланиб келарди. Наманган шаҳрида ем дўкони очгач, оқиб келаётган даромад хаёлини бузди. Нафсини қитиқлаб, савдодан тушаётган фойдага ҳам қаноат қилмай қўйди. У имкон даражасида маҳсулотини хорижий валютага сотиш, уни айлантириш ортидан ҳам беш-ўн сўмлик бўлиб қолиш пайига тушди. Тайинки, хорижий валюталарни арзон харид қилиб, қимматроққа пулларди.

2021 йилнинг февраль ойи охирларида дўконига Мамасоли Қаюмов кириб келди. Улар бироз гурунглашиб тургач, Мамасоли гап орасида 34 млн. 800 минг сўм пули борлигини, АҚШ доллари сотиб олмоқчи эканини айтиб қолди.

Шароф телефонида ҳисоб-китоб қилиб: – 3300 доллар 34 782 000 сўм бўлар экан… Олаверасанми? — деди

Мамасоли рози бўлди. Ёнидан пулни олиб, Шарофга узатди. Шароф эса пулни санаб олар экан, унга 3300 доллар берди. Ортидан 18 минг сўм қайтарди.

Мазкур савдодан қанча фойда кўрганини ўйлаб, юзида жилва қилаётган қувончи икки дақиқа ўтмай сўнди. Дўконга кириб келган бир неча кишини кўрди-ю, кўнгли бир нотинчликни сезиб, юраги тез-тез уриб кетди. Шубҳаси тўғри бўлиб чиқди. Холислар гувоҳлигида ёнидан чиққан 50 доллар пул ҳам унинг бу иш билан доимий шуғулланиб келаётганини исботлаб тургандек эди гўё…

Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида Шароф Қувватовнинг мазкур жиноий иши муҳокама қилиниб, унга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланди. Ш.Қувватовнинг “ем сотиб юрганим яхши эди”, деб афсуслангани энди бефойда.