Моянага қараб қолган анойилардан эмасди…

10:30 - 07.07.2021

9

Асакалик Нозим Жамолов уч фарзанднинг отаси, рисоладагидек бу шахснинг адашиши қимматга тушди –жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судида унинг масаласи кўриб чиқилди. Бироқ томонлар ярашгани туфайли иш тугатилди. Нозим энди эмин-эркин нафас олиб турганида бошқа бир кирдикори чиқиб қолди-ю, энди уни жиноят ишлари бўйича ўзи туғилиб-ўсган Асака тумани суди сўроққа тутди: нима қилгансиз, қаерда адашдингиз?!

Бўстон туманида масъул лавозимда ишлайдиган Нозим Жамолов фақат моянага қараб турадиган анойилардан эмасди: бўш вақтида боғдорчилик билан шуғулланарди. Ўзи яшайдиган туманда фермер хўжаликларидан бирининг ерини ижарага олиб, шартнома асосида боғ ташкил қилганди. Бу боғнинг мевалари сархил эди. Бир кун гап чиқди: нима эмиш, Нозим боғини сотиш учун харидор излаб юрганмиш! «Боғ қилиш осонми? Бир туп дарахтни кўкартириб, етилтиргунча она сутимиз оғзимизга келади-ку гоҳо! Қара, парвариш қил, ўғит, сув дегандай…», – деб ажабланишди бу гапни эшитганлар.

Тадбиркор Мирзаолим Асронқулов кунларнинг бирида тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ер излай бошлади. Асакага бориб, ундан-бундан дараклади. Албатта, унинг нигоҳи бир ёқда узум, бир ёқда шафтоли яшнаб турган боққа ҳам тушди. Бироқ бу боғнинг эгаси бўлмиш Нозим Жамолов уни сотиб юбориши етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Одамлар кутилмаганда Нозим ер сотмоқчилигини харидорга маълум қилиб, ўзингиз кам-кертигини бир сўрайсиз деб унинг телефон рақамини беришди. Нозим харидор билан гаплашгач, уни ўз ишхонасига – Бўстон туманига таклиф қилди. У келгач обдан суҳбатлашишди.

– Бир гектар ерим бор, шунинг 30 сотихини сотаман, – гапнинг дангалини айтди раҳбар-боғбон.

– Йўқ, ака, – деди унга Мирзаолим. – Сотсангиз, майда-чуйда қилиб ўтирмай, бирйўла ҳаммасини сотинг! Қанча сўрайсиз?

Бунақа дангалчи харидорни доим ҳам учратавермайдиган Нозим Жамолов шошиб қолди ва бир гектарнинг ҳаммасини 55 минг АҚШ долларига сотишини маълум қилди.

Нозим отасидан бориб маслаҳат ва дуо олди. Савдо 40 ва 45 минг доллар теварагида айланиб юрарди. Хуллас, Нозим «ўзимники, 49 йилга олганман» деган ерни ўзбошимчалик билан 45 минг долларга сотган вақтида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланди ва ундан юқоридаги сумма ашёвий далил сифатида олинди.

Жиноят ишлари бўйича Асака тумани суди Нозимжон Жамоловнинг ҳаракатида жиноят аломатлари борлигини таъкидлади. Текин даромад топишни кўзлаган Нозим Жамолов қилмиши учун 87 млн. 710 минг сўм жаримага тортилди.