Коллеж архивидан бир диплом чиқиб қолди…

18:00 - 06.07.2021

14

С.Маҳмудова 2009 йилда Китоб тумани ижтимоий-иқтисодий коллежининг бошланғич таълим йўналишига ўқишга кириб, 2011 йилда коллежни тамомлашига икки-уч ой қолганида шароити бўлмагани сабабли ўқишга боролмай қолганди. Орадан 9 йил ўтиб, 2020 йил март ойида дипломни сўраб коллеж эшигини қоқди. Аммо…

Коллеж архивида шу ерда тасвирий санъатдан дарс бераётган ўқитувчи Дилноза Ражабова билан танишиб қолди. Биргалашиб коллеж архивидан унинг дипломини қидиришди. Аммо С.Маҳмудовага тегишли ҳеч қандай ҳужжат топилмади.

Кузга бориб Д.Ражабова С.Маҳмудовага қўнғироқ қилиб қолди:

– 2011 йилда ўқишни битирганлар ичида бир диплом чиқиб қолди, агар хоҳласанг шу дипломни сенга расмийлаштириб берамиз, фақат катталар диплом эвазига 400 АҚШ доллари сўраяпти…

– Йўқ, домла, бунга қурбим етмайди, – деди собиқ ўқувчи. Аммо Дилноза унга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, сўраган пулини олиб келиб берса, директор ўринбосари С.Иброҳимовдан диплом олиб беришини таъкидлай бошлади. Ниҳоят С.Маҳмудова қатъий қарорга келди…

– Пул тайёр, – деди Д.Ражабовага қўнғироқ қилган С.Маҳмудова. – Қаерга олиб борай?

– Юқумли касалликлар шифохонаси олдидаги дўконга кел, – деган жавоб эшитилди у томондан. Улар келишилган жойда учрашишди. С.Маҳмудова Д.Ражабовага 400 долларни узатди. «Ҳожатбарор» пулни дарҳол чўнтагига солди. Шу пайт уларга яқинлашган бир гуруҳ кишилар ўзларини танитиб, хизмат гувоҳномаларини кўрсатишганида Дилнозанинг кўз олди қоронғилашиб кетди.

– Сиз диплом расмийлаштириб бериш учун ҳозиргина Маҳмудовадан 400 АҚШ доллари олганликда гумонланмоқдасиз, – дейишди унга. Бу гапни эшитган Дилноза ҳушидан кетиб йиқилди. Уни ушлаб қолишди. Тиббий ёрдамдан сўнг ўзига келган Дилноза апил-тапил ёнидаги пулни олиб, йиртишга ҳаракат қилди. Аммо уни тўхтатиб, пулни холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олишди.

Жиноят ишлари бўйича Китоб тумани судида Дилноза Ражабованинг жиноят иши кўрилди. Қайд этилишича, Д.Ражабова 1977 йилда туғилган. Олий маълумотли, айни пайтда ишсиз. Оилали, учта фарзанди бор. Китоб тумани Халқлар дўстлиги маҳалласида яшайди.

Суд мажлисида Дилноза Ражабованинг жинояти гувоҳларнинг кўрсатувлари ва бошқа далиллар билан исботланди. Жиноят кодексига асосан унга жазоларни қисман қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварига тенг жарима тайинланди.