“50 минг сўмлик ясаб, қизларга ҳазиллашмаймизми?”

16:30 - 06.07.2021

10

Сохта пул ясашга уриниш — иқтидорни увол қилиш. Шовотлик йигирма яшар Д.О. ва И.Ф. қалбаки банкнотлар ясаб, ўзларини даҳо деб билишди. Д.О. биринчи гуруҳ ногирони бўлгани учун ўзига қулай санаб компьютерда ишлашни пухта ўрганган, компьютер хизматлари кўрсатиш билан шуғулланиб келарди. Унинг тезкор ва сифатли хизматидан кўпчилик миннатдор эди. Турли фильмлар таъсиридами, ўзини синаб кўришга чоғланган Д.О. 50 минг сўмлик купюранинг нусхасини чиқарди. Сохта пулни таниши И.Ф.га кўрсатиб, мақтанди. «Уни нима қилмоқчисан?», – деб сўради дўсти. «Қизларга берамиз»,– ҳазиллашди Д.

– Шу қоғозларингдан яна икки-учта чиқар-чи, ҳазил қиламиз, – И. оғайнисини қистовга олди. Д. ясаган сохта пулларни чўнтакка жойлагач, ҳазил ният чинга айланди. Уч дона 50 минг сўмлик сохта купюрани олиб дўконга борди. Сотувчи аёл ҳеч шубҳаланмай, унга сўраган маҳсулотларини берди. Аммо кечроқ кассадаги пулларни санаркан, учта пул кўзига шубҳали туюлди. Маслаҳатлашиш учун қизи ва куёвига қўнғироқ қилди. Дўконга етиб келган куёви пулнинг сохталигини айтди ва уни ким берганини эслаб кўришни сўради. «Менимча И. берганди», – эслади сотувчи аёл. Куёв бу йигитни яхши танирди. Унга қўнғироқ қилганида, бу сохта банкнотларни дўсти Д. ясаганини тан олди.

Сохта пулни муомалага киритиш иқтисодиёт учун кони зарарлигини англамаган бу шоввозлар терговда қилмишидан пушаймон эканликларини билдиришди. Қонун устуворлиги таъминланди. Суд томонидан уларга жазо тайинланди.

Биз юртдошларимиздан қонунга хилоф тажриба ўтказмасликларини сўраб қоламиз.