Китобхонлик — миллат кўзгуси

14:30 - 06.07.2021

104

Сиз ойига бир марта бўлса ҳам ўзингиз ё фарзандингиз учун китоб харид қиласизми? Ҳафтасига неча соат вақтингизни китоб ўқишга сарфлайсиз?

Янги давр берган имконият Бугунги кунда китобхонлар учун кўпгина шароитлар яратилган. Айтайлик, қандайдир бир маълумотни топиш учун соатлаб энциклопедия варақлашга ҳожат йўқ. Чунки интернет бор. Кирамиз, исталган маълумотни қидирамиз ва бир неча сония ичида хоҳлаган маълумотга эга бўламиз.

Шунингдек, электрон кутубхоналар ташкил этилиши билан китобларни ҳам қисқа муддатда топиш ва ўқиш имконияти туғилди. Энди аввалгидек кутубхонага бориш, аъзо бўлиш, китобга буюртма бериш, топиб олиб келгунга қадар навбат кутиш, расмийлаштириш каби даҳмазаларга ҳожат қолмади.

Танганинг иккинчи томони Баъзи юртдошларимизнинг фикрича, биз келтириб ўтган жараён авваллари кутубхонага боришни одат қилган китобсеварлар сонининг маълум даражада камайишига сабаб бўлаётган экан. Унда гап бундай, агар китобхон кутубхонага келмас экан, демак, кутубхона маъмуриятининг ўзи китобхонларга яқинлашиши керак. Қандай қилиб дейсизми?

Маълумотларга қараганда, бугунгидек замонда дунёнинг энг катта кутубхоналарида бу борадаги ишлар аллақачаон бошлаб юборилган. Жумладан, зиё масканларида китоб фондлари замон талабларига мос равишда ялектронлаштирилиб, китобларни онлайн ўқиш имконияти яратилмоқда. Масалан, Туркияда барча қўлёзма асарлардан нусха кўчириш бепул бўлгани ҳақида хабар тарқатилган.

Шунингдек, шаҳар ва қишлоқларнинг одам гавжум жойларида, транспорт бекатларида мутлақо бепул «Халқ кутубхоналари» ташкил этилган. Озарбайжонда ҳам қоғозбозликдан холи, ҳар куни 24 соат ишлайдиган шундай кутубхоналар бор.

Бундан ташқари Боку шаҳрининг Ҳоқоний кўчасида, соя-салқин хиёбонда китоб жавонлари ўрнатилган. Ўқиш учун қулай курсилар қўйилган. Бу ерда кечаси ҳам махсус фонуслар ёруғида мутолаа қилиш мумкин.

«Мен ўқидим, сен ҳам ўқи» шиори остида фаолият юритувчи бу мўъжаз зиё масканига Озарбайжон миллий кутубхонаси дастлаб мингдан зиёд китоб тақдим этган бўлса, ҳозирги кунга келиб китоблар сони тўрт мингтага етибди. Уларни исталган пайт бориб ўқиш, уйга вақтинча ё бутунлай олиб кетиш мумкин. Лекин бир шарти бор: уйга олиш учун сиз ҳам кутубхонага бирон китоб тақдим этишингиз керак. Тўғри ғоя. Шундай эмасми? Менимча…

Бу каби лойиҳаларни бизда ҳам қўллаб кўриш мумкин ва бунга имкониятимиз етарли. Биз ҳам бу борадаги ишларимизни такомиллаштирсак, аҳолини, айниқса, фарзандларимизни китоб ўқишга қизиқтирсак, аминманки, ҳаётда, келажакда жуда кўп ютуқларга эришамиз.

Жарилкасин КАЛЕНДЕРОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси
бўлим катта прокурори