“Онангни ўзи менга ёпишди…”

12:30 - 06.07.2021

29

Дилрабонинг (исмлар ўзгартирилган) турмуш қурганига беш йил бўлаяпти. Лекин ҳалигача оилада тушунмовчиликлар, жанжал бўлиб туради. Натижада келин болаларини олиб ота уйига кетиб қолади.

Ўша куни ҳам қайнона ва келин арзирли сабабсиз келишолмай қолди. Шу пайт Дилрабо отасига «Жанжал бўлаяпти, тез келмасангиз бўлмайди» деб телефон қилди.

Қодир ака келганида қизи йиғлаб турган эди.

– Қўй, йиғлама, булар кўз ёшингга арзимайди, нарсаларингни йиғиштир, уйга кетамиз, – деди.

Қайнона эса «Ҳа, буларни қаерга олиб кетаяпсиз, бу ерда эга йўқми?» деб бақирди. Қудалар бир-бирини аямай ҳақорат қилишди. «Қўлингдаги набирамни бер, олиб кетмайсан» деб қайнона қудасига ёпишди. Жаҳл устида кўнгилсиз ҳолатлар бўлди. Шундан кейин аёл кичик ўғлига қўнғироқ қилиб, чақирди.

Акбар ишда эди, тушга яқин онаси қўнғироқ қилиб, «Акангнинг қайнотаси уйга келди, жанжал қилиб, мени уриб, ҳақорат қилиб, жиянларингни олиб кетди» деди. Акбарнинг жаҳли чиқиб, тезда уйига келди. Уйга келса онаси ётибди, синглиси унинг ёнида йиғлаб ўтирганини кўриб баттар жазавага тушди. Велосипедига минди-да, қудасини уйига бориб, Қодир акани чақирди.

– Ука, нимага келдинг, тинчликми? – деди у.

– Ҳали сизми бизникига бориб жанжал қиладиган? Нимага онамни урдингиз? – деб бақириб кетди Акбар.

– Мен урганим йўқ, агар ишонмасанг синглингдан сўра. Онангнинг ўзи менга ёпишиб, тирнаб ташлагани учун итариб юбордим, – деди Қодир ака.

Бақир-чақир авжига чиқди. Қодир аканинг ҳам жаҳли чиқди.

– Эй, бор, билганингни қил, хоҳласанг қаматиб юбор, – деди.

Шу пайт Акбар чўнтагидаги пичоқ олиб, Қодир аканинг қорнига тиқиб олди.

Қодир ака «бекор қилдинг» деб ингради. Акбар велосипедига минди-да, қочиб қолди. Қодир ака аввал қишлоқ врачлик пунктига борди, у ердан шифокорлар Булунғур тумани тиббиёт бирлашмасига олиб кетишди.

Суд тиббий экспертизаси хулосасида Қодир аканинг жароҳати ҳаёт учун хавфли оғир жароҳатлар гуруҳига кириши кўрсатилган. Суд ҳукми билан Акбарга 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.