Мол сотиб одамийликни йўқотди

10:30 - 06.07.2021

9

Илгари бир неча марта судланган бўлишига қарамай Маҳкамбой Рашидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яна фирибгарликка қўл урди. У 2020 йилнинг 28 февраль куни Амир Алиевнинг уйига бориб, уни аврайди. Унга 25 млн. сўмлик иккита қорамолини берса, бозорга олиб чиқиб сотиб, келишилган муддатда пулини олиб келиб беришини айтади. А.Алиев ҳеч нарсадан шубҳа қилмай унга молларини тутқазиб юборади. Ўлжани осонгина қўлга киритган Маҳкамбой димоғи чоғ ҳолда тўғри бозорга боради ва молларни сотиб, пулини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Кейин унинг уйига қатнайвериб А.Алиевнинг тинкаси қурийди…

Фирибгарга навбатдаги ўлжаларни қўлга киритиш ҳам қийин  кечмайди. Маҳкамбой 13 май куни Комил Эркиновнинг 21 млн. сўмлик битта қорамолини, 29 май куни Самир Қаршиевнинг 39 млн. сўмлик учта қорамолини, 10 июнь куни Суҳроб Алимовнинг 14 млн. сўмлик иккита қорамоли ва бир қўйини, Азим Орзиевнинг 35 млн. сўмлик 32 та қўйини, 30 июнь куни эса Давлат Аҳроровнинг 39 млн. сўмлик 5 та қорамолини бозорга олиб чиқиб сотади. Пулини эса келишилган муддатда бермасдан, ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади. Мол эгаларининг эса фирибгарнинг уйига қатнайвериб ковуши йиртилади… 

Ҳар нарсанинг охири бор. Иши юришаётганидан қувонган Маҳкамбойнинг бу сафар омади юришмади…

Суд томонидан Маҳкамбой Рашидов икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан, 5 йил озодликдан маҳрум қилинди.