“Иссиқхона керакмас, пул беринглар!”

12:30 - 05.07.2021

59

Сектор фаолияти билан танишиш мақсадида келганларнинг аксарияти «Қайси маҳалла фуқаросига нима ёрдам бераяпсизлар? Ҳудудингизда нечта оила «темир дафтар»га киритилган? Кимлар дафтардан чиқарилди?» мазмунидаги саволларни беришга одатланиб қолган. Сектор аъзолари билан маҳаллаларга чиқиб вазиятни ўрганганимизда «Бу оилага иккита тикув машинасини бердик, аммо уч ойдан бери ҳунар ўрганолмаяпти. Укасининг томорқасига иссиқхона қуриб беришимизни сўраяпти», «Кредитга олган тикув машинасини тикишни билмасам, машинани нима қиламан дея сотиб юборибди», «Қуриб берадиган иссиқхоналарингни нима қиламан, ундан кўра пул беринглар» деётганлар ҳам борлигини яширишга ҳожат йўқ.

Маҳаллаларда билаги кучга тўлган, тоғни урса талқон қиладиган ҳамюртларимизни, ҳунар ўрганса ўргангудек аёлларни кўрдик. Ажабланарлиси, улар ҳокимликка мурожаат қилиб, фуқароларни меҳнатга ундайдиган дафтарлардан чиқармасликларини сўрашмоқда. Нима эмиш, агар дафтардан чиқаришса уларга берилаётган имтиёз ва моддий ёрдам тўхтаб қоларкан.

– Аслида «темир дафтар»га киргизинг дея раисимизга кўп бора илтимос килдим – дейди суҳбатдошларимиздан бири. – Бир амаллаб дафтарга кирганимга эндигина бир йил бўлганда чиқариб юборамиз дейишаяпти. Турмуш ўртоғим ҳеч қаерда ишламайди. Ўзим жамоатчилик асосида ободонлаштириш бўлимида ишлайман. Тўртта болам бор. Дафтардан чиқариб юборишса уларни қандай боқаман? Ҳарна шу дафтарда турганим сабабли ҳар замонда ёрдам пули берилаётган эди.

– Ўзи «темир дафтар» пайдо бўлганига бир йил бўлди, дафтар йўқлигида қандай яшагансизлар? Нега турмуш ўртоғингиз ишламайди? Ўзи соғломми? – дейман минг хавотир билан.

– Нега ундай дейсиз? Худога шукур, эримнинг тўрт мучаси соғ. Касал бўлмасин. Маҳалламиздаги янги уйларнинг барчасини турмуш ўртоғим қурган. Қўли гул уста. Устачилик қилиб оиламизни боқарди. Шу уч йилдан буён ишламаяпти-да. Шунга ўзим ишга чиқдим. Майда-чуйда ишларни қилиб уйда ўтиради. Ўтган йили дафтарга кирганимизда сектор раҳбарлари жами 5 млн. сўм беришди. Шунданми, эрим ишлашни истамай қолди.

Халқимизда «Қўлдан берганга қуш тўймас» деган мақол бор. Буни англаб етиш қийин эмас. Бироқ «биз ночор оиламиз, бизга ёрдам керак» деган фикрни атрофидагиларнинг ҳам онгига сингдираётганларнинг дунёқарашини ўзгартириш бироз мушкул. Сабаби, аввалига мурожаатчиларнинг оилавий аҳволини ўрганишдан кўра «Мени ёзмасин, шунинг овози ўчсин. Шу одамга ёрдам берайлик, қулоғимиз тинчийди» қабилида ишлаган айрим раҳбарлар фуқароларни боқимандаликка ўргатди. Бақир-чақир билан кун кўришга ўрганиб қолганлар эса тайёр томорқадан фойдаланишни истамайди. Бунинг ортидан эса «Маҳалла раиси дафтардан чиқараман деяпти. Ўзи бир амаллаб дафтарга киргандим» деган мазмундаги гаплар кўпаяди. Камбағалликдан қутулиш, фаровонликка эришиш учун одамларнинг ўзи ҳам ҳаракат қилиши керак.

Нигина ШОЕВА,
журналист
Шўрчи тумани