25 ўқувчи тўловдан озод қилинди

10:30 - 05.07.2021

7

Ихтисослаштирилган прокуратура томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларни спорт ва бошқа тўгаракларга жалб қилиш орқали уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

Жумладан, шундай оилаларнинг аъзоларини соғломлаштириш мақсадида Қизилтепа туманида яшовчи уч киши, Кармана, Конимех ва Навбаҳор туманларидан икки нафардан, Навоий шаҳрида яшовчи бир кишига «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонасига қарашли «Металлург» санаториясига 26 млн. 681 минг сўмлик йўлланмалар бепул олиб берилди. Улар ҳозир ушбу санаторияда дам олмоқда.  Шу тоифадаги яна 10 нафар фуқарони даволатиш чоралари кўрилмоқда. Шунингдек, «темир дафтар»га киритилган кишилар ва уларнинг фарзандларини «Навоий кон-металлургия комбинати» ДКга қарашли лагерларда дам олдириш режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида прокуратуранинг ташаббуси билан Карманадаги 5 нафар, Навоий шаҳридаги 6 нафар болага «Болажон» лагерига 27 млн. 84 минг сўмлик йўлланма бепул олиб берилди.

Навоий шаҳри Кимёгар маҳалласида яшовчи М.Нажимованинг набираси Ж.Набиев бепул йўлланма билан «Сармишсой» лагерида дам олаяпти. Яна 9 нафар болага оромгоҳларда дам олиши учун йўлланмалар тайёрланмоқда.         Прокуратуранинг ташаббуси билан Кармана туманида сув бориши қийин бўлган хонадонларнинг томорқаларида экин етиштирилишини таъминлаш мақсадида «Навоий кон-металлургия комбинати» ДК томонидан 100 та хонадонга умумий қиймати 110 млн. сўмлик қудуқ ўрнатиб берилди. Бундан ташқари, Навоий шаҳри ва Кармана туманида яшовчи ёшларни «Навоий кон-металлургия комбинати» тасарруфидаги ўқув марказида бепул ўқитиш йўлга қўйилди. Бугунги кунда Навоий шаҳридан етти, Кармана туманидан саккиз киши ўқитилиб, мутахассислиги бўйича гувоҳнома берилди. Ҳозир Навоий шаҳридан олти, Кармана туманидан тўрт киши ўқитилмоқда. Прокуратуранинг кўмаги натижасида ушбу марказда ўқиётган 25 ўқувчи 40 млн. 740 минг сўмлик тўловдан озод этилди.