Тафаккурнинг толмас қанотлари

17:30 - 05.07.2021

27

«Мен китобларимдаги афсунларга ишонмайман. Аммо китоб ўқишнинг ўзи сеҳрли ҳолат эканига шубҳа қилмайман», – деган эди ёзувчи Жоан Роулинг. Ҳақиқатан ҳам китоб мутолааси фусункор ҳолат: у сизни сеҳрлаб олади ва воқеалар ичига сингиб кетасиз…

Болалигимизда турли-туман эртак китобларни, Худойберди Тўхтабоев, Жек Лондон, Жюл Верн, Эдуард Успенскийнинг саргузаштга тўла асарларини, Артур Конан Дойлнинг детектив ҳикояларини укам билан талашиб, қайта-қайта ўқирдик. «Сариқ девни миниб»даги Ҳошимжон ва «Ширин қовунлар мамлакати»даги Акром Акромий саргузаштларига шўнғиб кетардик. Бундайлар у пайтларда тенгдошларимиз орасида жуда кўп эди назаримда. Менимча, айнан болалар адабиёти жамиятда мутолаа маданияти ва китобга муҳаббатни пайдо қилади.

Бадиий асар ўқиган боланинг дунёқараши кенгайиб боради, ҳаётга муносабати ўзгаради. Нима яхши-ю нима ёмонлигини ажратиш кўникмаси шаклланади. Яхшилик мудом ёвузлик устидан зафар қучишига, адолат тамойиллари барҳаёт эканига ишончни қалбининг туб-тубига жойлаб қўяди. Жамиятдаги тартиб-интизом, қонун-қоидаларга ҳурмат, инсонга муҳаббат туйғусини тарбиялаб боради. Яъни китоблар унга нафақат билим беради, уни тарбиялайди ҳам. Бугунги кунда эса китоб ўқишга эҳтиёж йўқдек…

Ҳозир компьютер кириб бормаган хонадон, телефони йўқ инсон жуда кам. Бу қурилмалардан исталган ахборотни олиш мумкин. Фойдаланиш қанчалик қулай бўлмасин, имконияти нечоғли кенг бўлмасин, улар китобнинг ўрнини боса олмайди. Бир асар асосида суратга олинган фильм, маҳорат билан ишланган бўлса-да, ҳеч қачон китобдаги жозибани тўлиқ очиб бера олмаганидек.

Олимлар ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган ҳозирги даврда инсоният маънавиятининг жуда қашшоқлашиб кетаётганини эътироф этишмоқда. Компьютер, смартфон, телевизорга боғланиб қолиш инсонда мантиқий фикрлаш қобилиятини сусайтириб юбораётгани рост. Ёшларни, умуман, одамларни гаджетларга қарамликдан қандай қайтариш мумкин?

Бундан ўн олти йил муқаддам, яъни 2005 йилда газетамизда ардоқли
шоиримиз Омон Матжон билан суҳбатимиз чоп этилган экан. Суҳбат
мавзуси адабиёт ва мафкура ҳақида бўлгани боис раҳматли Омон акадан болаларни, ёшларимизни китоб мутолаасига қизиқтириш учун нималарга эътибор қаратиш зарурлигини ҳам сўраган эдим. Омон ака ўшанда шундай деган эди: «Болаларнинг китобга бўлган қизиқишини орттириш учун уларнинг мафкурасини шакллантириш лозим.

Мафкура ниҳоятда қудратли тушунчаки, уни асрашимиз, ҳамма ерга куч-қудрати етадиган воситага айлантиришимиз керак. Буни мактаблардан бошлашимиз зарур. Аввало мактабларга кучли эркак ўқитувчиларни қайтаришимиз лозим. Шундагина Амур Темурлар, Темур Маликлар етишиб чиқади.

Ўқувчининг қайси дарсни яхши ўқиши ўқитувчига боғлиқ. Ўрта мактабда ўқиб юрган пайтларимда география ўқитувчимиз бўларди. У дарсни шу қадар яхши ўтганидан биз пахтага чиққанимизда ҳам ёнимизда доим география дарслиги бўлар эди. Мана ҳозир Гоби саҳроси Улан-Батордан неча километр узоқликда жойлашганини сўрасангиз ҳам айтиб бера оламан. Нега Мўғулистонда туркий қабилалар, масалан, қирғиз, ўзбек қабилаларининг қабрлари бор? Бунинг жавобини ҳам мен бемалол айтиб бераман.

…Ҳозир мактабларда бир-бирининг дарсини ўтиб берадиган ҳолатлар жуда кўп. Қанийди бундай мактабларга Жалолиддинлар, Берунийлар, Фарғонийлар, Хоразмийлар руҳи, кучли Паҳлавон Маҳмудлар иродаси қайтиб келса…». Том маънодаги халқ шоирининг фикрлари бугунги кунимизда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.

Китоб мутолааси шундай қудратга эгаки, инсон руҳиятини тозалайди, тарбиялайди, адолатга чорлайди.

Буни бир бутун жамият мисолида олиб қарасак – китоб ўқимаган, илмга интилмаган, руҳиятини бойитишга лоқайд қараган миллат ўзлигини, эркини, маданиятини бой берганини билмай ҳам қолади.

Олимлар китоб ўқишнинг саломатликка ҳам таъсири борлигини аллақачон исботлаб қўйишган:

  1. Мутолаа асабни тинчлантиради. Чунки инсонни мунтазам қийнаётган ўйларидан чалғитади, янги оламга олиб киради. Олам турфалигини англашга ўргатади.
  2. Мутолаа қалбни юмшатади. Ғазабни босади, бағрикенгликка, муайян масалага адекват (холисона) ёндашувга чорлайди. Пировардида руҳиятни юксалтиради.
  3. Мутолаа мия фаолиятини яхшилайди. Мутолаа натижасида эслаб
    қолиш хусусияти кучаяди. Педагоглар эслаб қолиш қобилиятини кучайтириш учун болаларга мунтазам шеърёдлатишининг сабаби ҳам шу.
  4. Мутолаа инсонга ҳаёт моҳиятини, яшашдан мақсадини англашга ва қийинчиликларни енгиб ўтишга кўмаклашади. Ўқиганларидан ўрганади, хулоса чиқаради. Ўз ҳаётини тарозига солиб кўради. Фикрлай бошлайди.
  5. Китоб ўқийдиган инсонлар ҳаётда фаол бўлишга интиладилар. Мунтазам ҳаракатда бўлиш саломатликни мустаҳкамлашнинг биринчи шарти ҳисобланади.
  6. Мутолаа инсоннинг сўз бойлигини оширади. Сўз бойлигининг
    юксалиши эса ҳар қандай даврага бемалол кириб бориш ва ўз ўрнига эга бўлиш демакдир.
  7. Мутолаа уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради. Инсон китоб
    ўқиб, қалб ила турфа оламни эшитгач, ўзининг муаммолари арзимаган бир куйинчаклик эканини тушунади. Қалб ором олса, уйқу ҳам ўз-ўзидан келади.
  8. Мутолаа тушкунликка қарши курашишнинг самарали воситаси. Бежиз «бирни кўриб шукур қил, мингни кўриб фикр қил» дейишмаган.

Фазилат ЁДГОРОВА,
«Huquq»