Марғилонлик ўқувчи: “Икки йилдирки, ота-онамни кўрмадим…”

13:00 - 03.07.2021

10

Кечаси интернет кафедан профилактика инспекторининг хонасига олиб келинган бола саккизинчи синфда ўқир экан. Икки йилдирки, кўпқаватли уйдаги хонадонда бобоси ва бувиси билан тураркан. «Ота-онам Туркияда, – дейди Солижон. – Телефонда гаплашиб тураман». У сўнгги марта қачон гаплашганини эслай олмайди.

Суриштирув давомида маълум бўлишича, унинг юриш-туриши билан ҳеч ким қизиқмаган. Мактабдаги ўқитувчилар, васийлик ва ҳомийлик органининг эътиборидан четда қолиб келган. Интернетдаги ўйинларга шўнғиган Солижон ўқишга қизиқмай қўйган.  Ҳолбуки турли сабаблар, шу жумладан, ота-онаси хориждалиги туфайли таълим-тарбияси издан чиқаётган болалар аввало мактаб ўқитувчиларини бефарқ қолдирмаслиги лозим.

Тегишли қонунларда васий ёки ҳомий тайинланиши аён бўлган пайтдан эътиборан етти кун мобайнида болага оид ҳужжатлар илова қилинган ҳолда туман, шаҳар васийлик органига тақдим этилиши шартлигига оид талабни бузган мансабдорлар жавобгарликка тортилиши белгиланган. Қонунчилик ижросининг таҳлилида Марғилондаги мактабларнинг директорлари ва масъуллари ота-онаси чет элга кетган 81 нафар ўқувчига васий ё ҳомий тайинлаш масаласини ҳал этмагани аён бўлди. 25-мактабда бир эмас, икки эмас, 20 нафар ўқувчи васий ё ҳомий тайинланмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Хусусан, сўнгги икки-уч йилдан буён ота-онасининг қарамоғисиз қолган 13 ёшли Р.Ж., А.А., шунингдек, 8 ёшга кирган С.С. ва бошқа болаларга васий ё ҳомий тайинлаш чораси кўрилмаган. Мактаб директорлари ва масъул ходимларининг бепарволиги туфайли улар ҳақидаги маълумотлар шаҳар халқ таълими бўлими ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этилмаган. Болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича бош мутахассис С.Бозоров директорларни бундай маълумотларни ўз вақтида васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этишлари кераклиги ҳақида огоҳлантирмаган.

Васийлик ва ҳомийлик органи муҳтож ўқувчиларни ўз вақтида аниқлаб ҳисобга олиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва болаларни жойлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, васий ва ҳомийларнинг мажбуриятини бажаришини, болаларнинг таъминоти, тарбия ва таълим олиш шароити, мулкларининг сақланишини назорат қилмаган.

2018 йилда 5, 2019 йилда 14, 2020 йилда 17 нафар ўқувчига васий ё ҳомий тайинланган холос. Текширишдан сўнг шаҳар прокуратурасининг аралашуви билан ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 21 та болага васий ва ҳомий тайинланиши таъминланди. Таҳлил якуни бўйича 16 нафар мактаб директори ва ўринбосарига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилиб, суд қарорига асосан жарима жазоси тайинланди. Келгусида хато ва камчиликларга йўл қўймаслик борасида Марғилон шаҳар халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилди.