“Еримизга мош ҳам экиб беришди”

17:00 - 02.07.2021

26

Президентимизнинг тегишли фармонига мувофиқ Наманган вилоятида «3+1» дастури асосида ғалладан бўшаган ерлар «темир дафтар», «ёшлар дафтари», «аёллар дафтари»даги шахслар, шунингдек ишсизларга тарқатилмоқда.

Наманган вилояти прокуратураси органлари масъул этиб белгиланган секторларда бу борада тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, Чортоқ тумани Нурафшон маҳалласида яшовчи 21 кишига «Короскон уч қаҳрамони» фермер хўжалигининг ғалладан бўшаган еридан 20 сотихдан ажратиб берилди.

Тўрақўрғон туманидаги «Комилов Турсунбой» фермер хўжалиги ҳудудидан махсус дафтарларда турувчи фуқароларнинг ҳар бирига буғдой ўриб олинган майдонлардан 20 сотихдан берилди. Қўшимча даромад манбаига эга бўлганлар эса эътибор учун миннатдорлик изҳор қилдилар.

– Экин жойи культивация қилиниб, фермердан ажратилган техникалар ёрдамида ерга мош экиб берилди. Биздан уларни ўз вақтида суғориб, парваришлаш талаб этилаяпти, холос. Буни албатта уддалаймиз, – дейди чусткўприклик Неъматжон Асқаров.

Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторда ишсизларга ер ажратиш ҳисобига 1500 киши фойдали меҳнат билан банд бўлиши кўзда тутилган.

21 июнь куни Наманган вилояти прокурори Жаҳонгир Ҳотамов томонидан Мингбулоқ туманидаги Қўриқобод, Дамкўл, Маданият ва Ўртақишлоқ маҳаллаларида яшовчи 93 кишига ғалладан бўшаган 23,25 гектар ер шартнома асосида тарқатилди. Хусусан, «Кумушбиби Мўйдинова» фермер хўжалигидан Қўриқобод маҳалласида яшовчи 16 фуқарога 4 гектар, «Бураматут тола сервис» фермер хўжалигидан Маданият маҳалласида яшовчи 28 кишига 7 гектар, «Баҳромбек Абдурасулов» фермер хўжалигидан Ўртақишлоқ маҳалласида яшовчи 25 фуқарога 6,25 гектар ва «Неъматилла Тўхтаназар» фермер хўжалигидан Дамкўл маҳалласида яшовчи 14 кишига 3,5 гектар ер ажратилди.

Наманган туманида ҳам ғалладан бўшаган ерлар экин экиш учун камбағал ва ишсиз фуқароларга ажратиб берилмоқда. «Ғофуржон ота ОЭФ» фермер хўжалигидан 15 нафар ишсиз фуқарога 20 сотихдан ер берилди.

18 июнь куни Наманган туманида ўтказилган тадбирда 25 киши 20 сотихдан ерли бўлди. Уларга «Бўстон  ТТА» фермер хўжалигидан ер ажратилди. Бундай тадбирлар Учқўрғон туманида ҳам ўтказилмоқда. Мингбулоқ туманида 100 та оилага ғалла ўримини якунлаган фермер хўжаликларидан 25 сотихдан ер ажратиб берилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бу йил ғалладан бўшаган 9085 гектар ер алоҳида эътиборга муҳтож 36 минг кишига берилади. Бу улар учун қулай имкониятдир.