Импорт ўрнига миллий маҳсулотлар

15:30 - 02.07.2021

9

Коронавирус инфекциясининг кириб келиши аҳолининг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига салбий таъсир ўтказмай қолмади. Аммо ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида иқтисодий барқарорлик, иш ўринларини имкон қадар сақлаб қолишга эришилди.

Хусусан, ҳукумат қарорлари асосида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида Амударё туманида2021 йилнинг биринчи чорагида 105,7 млрд. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, 3,1 фоиз ўсишга эришилди, 27,8 млрд. сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилди. Январь-март ойларида 1 млн. 956 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилиниб, режа 104 фоизга бажарилди. Ушбу давр мобайнида 3 млн. 700 минг доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.

Таъкидлаш лозимки, туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёлларнинг ташаббусларини қўллаш борасида ҳам қатор ишлар қилинмоқда. Жумладан,  биринчи чоракда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида 296 та юридик ва жисмоний шахсга жами 10 млрд. 70 млн. сўмлик имтиёзли кредит ажратилди.

Шунингдек, ҳукумат қарори асосида 1 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, бугунги кунга қадар унда 9 млрд. сўмлик 20 та лойиҳа амалга оширилди. 112 та иш ўрни яратилди. Натижада 721 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Яқин кунларда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳалар асосида қўшимча 152 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, маҳаллий саноатни ривожлантириш мақсадида  ўтган йили 6 та лойиҳа ишга туширилди. 1 млрд. 300 млн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бу йил лойиҳалар сони 8 тага етказилади ва 1 млрд. 600 млн. сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.