Бир умр ёддан чиқмайди

17:30 - 01.07.2021

15

Жорий йилнинг 14-15 июнь кунлари Бош прокуратура раҳбариятининг ташаббуси билан Хива туманидаги Болалар шаҳарчасининг тарбияланувчилари учун Тошкент шаҳрига саёҳат ташкиллаштирилди.

Икки кунлик дастур асосида болалар пойтахт Ҳайвонот боғи, “Toshkent city”, “Ғалаба боғи” каби кўплаб диққатга сазовор жойларида бўлишди. Шунингдек, улар учун кинотеатрда қизиқарли фильм намойиш этилиб, “Ашхобод парки”даги кўнгилочар аттракционларда ҳам мароқли ҳордиқ чиқаришди. Ўқув-машғулот, психологлар иштирокида мотивацион тренинглар ҳам тарбияланувчиларга завқ бағишлади.  

Тадбир давомида болаларга Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг совғалари ҳамда эсдалик учун фотоальбом топширилди. Таниқли  хонандаларнинг куй-қўшиқларига болалар мириқиб рақсга тушишди.

22-23 июнь кунлари эса Қорақалпоғистон Республикасидаги 1-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Тошкент шаҳрига саёҳат қилишди. Мазкур меҳрибонлик уйида тарбияланаётган 100 нафардан ортиқ бола ҳам Ҳайвонот боғи, Тошкент телеминораси, Тошкент цирки, Тошкент музейи, Адиблар хиёбони, “Toshkent city” ва “Ғалаба боғи” каби кўплаб диққатга сазовор жойларга саёҳат қилди.

Болаларни маънавий қўллаб-қувватлаш, кўнглига йўл топиш уни шахс сифатида тарбиялашнинг энг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.