Савоб учун берилган ер машмашаси

13:00 - 01.07.2021

14

Гарчи «Бир танишимга ер керак эди. Иложи борми?» дея қўнғироқ қилган Асрорга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) «Олиб келавер. Гаплашамиз» деган бўлса-да, Хайрулло телефонни қўйгач, ўйланиб қолди. Аслида ер йўқ эмас, бор. Аммо ўзиники эмас, таниши Алибекнинг номига расмийлаштирилган. Тан олади, 35 сотихли ўша ердан Алибекнинг розилиги билан фойдаланиб келмоқда, кам бўлгани йўқ. Аммо у хоҳлаган пайтда ерини қайтариб олиб қўйиши мумкин, Хайруллога эса шуниси алам қилади. У ўйлай-ўйлай бир қарорга келган ҳам эди, Асрор Дилором исмли аёл билан кириб келди. “35 сотих ерим бор, 30 сотихини сизга бераман нархи от билан туя бўлармиди?! 120 миллионга нима дейсиз?!” , деди дангал. Орадан бир ҳафтача вақт ўтиб, Асрор билан кириб келган Дилором ортиқча гап-сўзларсиз пулни беришини айтган эди, Хайруллонинг кўнгли бироз ғашланди. Шу сабабли ўзи бормай, пулни олиб келиш учун укасини уларга қўшиб жўнатди. Кўп ўтмай укаси пулни олган заҳоти қўлга олинганини эшитди-ю, кўнгли бежиз ғашланмаганига имон келтириб, қилган ишидан пушаймон бўлди. Аммо энди кеч эди.    

Бу пайтда ернинг ҳақиқий эгаси Алибек ҳеч нарсадан хабари йўқ, ўз ишлари билан андармон эди. Воқеадан хабар топгач эса нима деярини билмай, лол бўлиб қолди. Ахир 2015 йилда деҳқон хўжалиги ташкил қилиб, шу ерни умрбод фойдаланиш ҳуқуқи билан ҳужжатлаштириб олгунича озмунча тер тўкмаганмиди? Қолаверса, Хайруллонинг аҳволини тушуниб, унга савоб истагида, фойдаланиб туриш учун берса-ю, у раҳмат дейиш ўрнига орқасидан ўйин қилса, буни қандай тушуниш мумкин?

Жиноят ишлари бўйича Денов тумани суди томонидан бировнинг ерини ўзиники қилиб кўрсатиб сотиб юбормоқчи бўлган кимсага нисбатан жазо тайинланди. Шундай қилиб, мўмай даромад орттирмоқчи бўлган Хайрулло Дўсматов жарима тўлайдиган бўлди.