“Даволатишга ётқизсак, ҳамма хабар топади. Яхшиси…”

15:00 - 30.06.2021

9

Уч оғайни оилалари билан ота ҳовлисида туришади. Маҳалла-кўй Содиқ ака (исмлар ўзгартирилган) ва Хайринисо холанинг мўминқобил ўғиллари, хушхулқ келинларига ҳавас қилишади.

Ёзнинг биринчи куни эрталаб Содиқ аканикига ИИБ ходимлари келганини кўрган, эшитган қўни-қўшнилар эшик олдида тўпланишди. Замбилда усти ёпиқ жасадни олиб чиқиб машинага юклашди.

– Нима бўпти ўзи? – қўшнилар бир-бирларидан сўрашади.

– Турсунбой укаси Турғунбой билан уришибди. Ака укани ўлдириб қўйибди.

– Ёпирай, эсли-ҳушли, ювош йигитлар-а…

– Ичларидан нима ўтган, худо билади. 

Тўнғич ўғил, салкам қирқ ёшга кирган Турсунбой ёлланма ишчи, уч фарзандини тарбияламоқда эди. Кечки пайт ишдан келганида Содиқ ака хонасига бошлади.

– Турғунбой хотинини сўкиб, уриб ҳайдаяпти. Гап уқмайди. Зўрға тинчитдим. Келинни кеткизмадим, олиб қолдим.

Турсунбой илгари эътибор бермаган экан. Турғунбой ҳовлида ўзи билан ўзи гаплашди. Гаплари тушунарсиз. Ғалати илжайди.

– Эси оғиб қолаяпти, – деди хотини Зайнабхон. – Қўрқаяпман, ака, духтирга кўрсатинг.

Содиқ ака қарши чиқди. «Жиннихонага ётқизишса, маҳаллада нима деган одам бўламиз? Ўғлим, яхшиси, табиб домлага ўқитинг». Турсунбой отасининг айтганини қилди. Бир неча марта домлани уйга олиб келиб, Турғунбойни ўқитди. Ҳар ўқитганидан кейин Турғунбой босилиб қолгандай бўлар, сўнг яна жазавага тушиб гоҳ хотини, гоҳ ака-укаси, баъзан ота-онасини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошларди. «Ўлдираман» дея тажовуз қилганидан кейин ҳам Содиқ ака, Хайринисо хола маҳалладан, қариндошларидан ор қилиб  шифокорга кўрсатишмади.

Турғунбой амакисидан бошқа ҳеч кимнинг гапига қулоқ солмас,  Саҳоб амакигина уни тинчлантира оларди. Галдаги жанжалдан кейин  хотини Зайнабхон икки боласини олиб ота уйига кетиб қолди. Турғунбой ўзидан эмас, ота-онаси, акасидан кўрди. «Ўт қўяман!». Кенжа укаси Тўхтасинжон Саҳоб амакига қўнғироқ қилди: «Тез келинг, уйни ёқиб юбормоқчи!». Саҳоб амаки ҳеч нарса бўлмагандай, у билан қуюқ сўрашди. Кўнглига йўл топиб таскин берди. Гапга солди, ёмон ниятини хаёлидан кўтаргизди.

«Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади» деганларидай қарийб бир йил давомида беморни шифокорга кўрсатмай, домлага ўқитишлар самара бермади, аксинча, фожиали тугади. Уканинг хурмача қилиқлари-ю бебошликлари, хуружларини ичига ютиб юрган ака бир куни портлаши тайин эди.

2020 йилнинг баҳорнинг охири – 31 майдан 1 июнга ўтар кечаси хона эшиги тақиллаб, Турсунбой чўчиб уйғонди. Эшик очилиб хонага Турғунбой бостириб кирди. Унинг қўлида ип бор эди. Иккаласи бир-бирини ҳақорат қилишди. Турғунбой акасига ташланди. У зарбасига чап бериб, ўзини уриб йиқитди. Дуч келган жойига муштлади, тепди. Қўлидан тушган ипни бўйнига сиртмоқ қилиб бўғди. Типирчиламай қолганида ўлдириб қўйганига ақли етди. Жасадни нариги хонага судраб чиқди. Қон сачраган уст-бошини ечиб ҳовлида ёқиб юборди. Тонгга яқин амакисига қўнғироқ қилди. Етиб келган Саҳоб амаки билан Марғилон шаҳар ИИБга бориб, аянчли ҳодисани айтиб берди.

Суд укасининг умрига зомин бўлган Турсунбойни 7 йилга озодликдан маҳрум қилди.