Таблеткафурушларнинг таноби тортилди

12:30 - 30.06.2021

15

Департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда «Shuhrat-36-6C» МЧЖга қарашли дорихоналарнинг бирида кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси йўлга қўйилгани фош этилди.

Дорихонага бу дорилар қаердан олиб келингани суриштирувда маълум бўлди. Андижонлик Қобилжон Зокиржонов суриштирув жараёнида кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслардан 2 мингта «Тропикамид» дорисини 40 млн. сўмга, 18 қути «Регапен» дорисини 108 минг сўмга сотиб олади. Маълумки, бу дорилар ҳукуматнинг қарорига асосан кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, фақатгина махсус лицензияга эга бўлган дорихоналарда сотилиши белгиланган. Қ.Зокиржонов мазкур талабни билса-да, унга амал қилмасдан дориларга харидор қидира бошлайди.

Орадан кўп ўтмай, у Зиёдулла Тангиров ва Умида Жиянова билан танишиб қолади. Аввалига улар билан пойтахтнинг турли жойларида учрашиб, дорилардан бирининг донасини 23 минг, иккинчисининг ҳар қутисини 7 минг сўмдан сотишга келишиб, оз-оздан келтириб бериб туради. Кейинчалик Андижондан Тошкентга қатнайдиган таксилардан бериб юбораверади. З.Тангиров ва У.Жиянова эса бу дориларни ўзларига тегишли бўлган дорихонада ёлланма ишчилари Зуҳриддин Бошманов ва Улуғбек Жалолов орқали яширинча сотишади.

Ноқонуний иш ошкор бўлмасдан қолмайди. Тадбирда уларнинг қилмишига чек қўйилди. Дорихона кўздан кечирилганда у ерда 432 та «Регапен», 28 та «Тропикамид» дориси ноқонуний сақланаётгани аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштириб олинди. Шунингдек, З.Бошманов ва У.Жалоловнинг хонадонларидан ҳам 811 та «Регапен», 50 та «Тропикамид» ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Мазкур ҳолат бўйича айбдорларга нисбатан суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу каби дориларни сотиб олаётган фуқароларга эслатиб ўтиш жоиз, мазкур дориларни соғлом одам узоқ вақт истеъмол қилса унга ўрганиб қолади ва бу охири наркологик касалликларни юзага келтиради, шунингдек, ички органларга токсик таъсир кўрсатади. Дозасини ошириш эса ўлимга олиб келиши ҳам мумкин.