22-бўлим эшитади…

14:30 - 29.06.2021

14

Бир курсда элликдан ортиқ талаба олий ўқув юртини тмомлаганмиз. Дипломли бўлгач, кўпчилигимиз ўз соҳамиздан кетиб, республиканинг турли босма нашрлари, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ишлай бошладик. Ойда бир марта курсдошлар билан йиғилиб турамиз. Ҳар йиғилганимизда кичик даврада ўзига яраша муҳокамалар бўлади.

Бош прокуратура муассислигидаги нашрда ишлаганим учун
бундан бир неча йил аввал менга «прокуратурада нима гаплар?»
деб кўп савол беришарди, ҳаммасининг эътибори менда бўларди. Ҳозир эса бу савол умуман берилмайди. Сабаби айни вақтда прокуратуранинг эшиги барча оммавий ахборот воситалари учун очиқ. Улардан келаётган ҳар бир мурожаат эътиборсиз қолдирилмайди. Прокуратуранинг нечоғлик очиқлигини билдирувчи энг самарали восита ҳам аслида шу. Бундай ўзгаришлар мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил сиёсатнинг ҳосиласидир.

Тизимнинг ОАВ вакиллари билан мулоқот қилишида эса асосий ролни Бош прокуратуранинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий тарғибот бўлими (матбуот хизмати) ўйнайди. Тизимда бу 22-бўлим дейилади. Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинаётган тизимга тааллуқли ҳар бир мақола айнан шу бўлимнинг эътиборидан четда қолмайди. Яъни босма нашр дейсизми, интернет сайтларими, ҳатто ижтимоий тармоқларда билдирилаётган мулоҳазаларга ҳам бўлим томонидан муносабат билдирилади.

Бўлим ходимлари прокуратурага алоқадор хабарларни эрта тонгданоқ жамлаб, тартиблаб, қисқача изоҳи билан раҳбариятга етказишади. Муносабат билдирилиши лозим бўлганлари тегишли бўлим ва бошқармаларга тарқатилади ва назоратга олинади. Айрим сенсацион хабарлар зудлик билан ўрганилиб, дарҳол муносабат билдирилади.

Бундай очиқликка эришиш учун Бош прокуратура замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдалана олди. Хусусан, Бош прокуратура матбуот хизмати oav.

prokuratura.uz платформасини ишлаб чиқди. Унда ҳар бир оммавий ахборот воситасининг шахсий кабинети бўлиб, унга журналистлар ўз сўровларини осон юбормоқда. Сўровлар тўғридан-тўғри тегишли манзилга тушаяпти. Жавоблар ҳам нашрнинг ўзига қонунда белгиланган вақтда юборилади. Платформанинг яна бир яхши жиҳати шуки, сўровларга видео ёки аудио файлларни илова қилишда ҳам муаммо йўқ. Энг муҳими, айни жараёнда ахборот хавфсизлиги таъминланади.

Бош прокуратура матбуот хизмати ўзининг сайтига ва «Телеграм»даги каналига тизим фаолияти билан боғлиқ хабарларни тезкорлик билан қўйиб боради.

Хуллас, айни вақтда «Бош прокуратурадан ахборот олиш имконияти бўлмаяпти» мазмунидаги саволларга ҳожат қолмаган. Бемалол айтишимиз мумкинки, кейинги йилларда тизимда ахборот беришнинг осон ва самарали усули йўлга қўйилгани учун курсдошларим менга юқоридаги саволни бермай қўйишди. Ҳатто ҳозир уларнинг аксарияти бошқа давлат органларининг матбуот хизматлари прокуратурадан ўрнак олса бўларкан деб эътироф ҳам этишади.

Мазкур бўлимнинг ҳар кунги фаолияти оммавий ахборот воситалари билан боғлиқ экан, демак, яқинлашиб келаётган 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни уларнинг ҳам байрами деб айтсак хато бўлмаса керак. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ҳамкасблар!

Камолиддин АСҚАРОВ,
«Huquq»