Қўлбола ёғ олиб қўйилди

12:30 - 29.06.2021

13

Мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлашда муҳим тизим ҳисобланган тадбиркорлик ҳалолликни хуш кўради. Бу тизимда ҳалоллик четга сурилса, бозорни сифатсиз маҳсулотлар эгаллаши муқаррар.

Ғиждувон тумани Лабирўтча  қишлоғида яшовчи Тоҳир Рўзиевни кўпчилик танийди. У қизининг ҳовлисида мойжувоз ишлатиб яширин фаолият олиб боргани маълум бўлди.

Бир жиноят бошқасини етаклаб келади. Ушбу мойжувоз юқори кучланишли электр тармоғига қонунга хилоф равишда уланганлиги фикримизни исботлайди. Департаментнинг туман бўлими ходимлари ўтказган тадбирда Тоҳир Рўзиевдан жувоз, 50 литр пахта мойи, 120 кг чигит ҳамда 20 кг кунжара ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинди. Ўша пайтда унга суд ҳукми билан жазо тайинланган эди.

Афсуски, Т.Рўзиев жазодан хулоса чиқармаган экан. У ўзининг уйига яна мойжувоз ўрнатиб, пахта ёғи ишлаб чиқаради.

Департамент ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Т.Рўзиевнинг фаолиятига чек қўйилди. Ундан учта жувоз, 75 литр мой, 390 кг чигит ҳамда 310 кг кунжара ашёвий далил сифатида олинди.

Суд Т.Рўзиевни айбдор деб топди. Унга ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлатга ундириш шарти билан 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.