Очиқлик ва шаффофлик таъминланади

16:00 - 28.06.2021

66

Ҳар қандай давлат тараққиётининг янги даври биринчи навбатда бошқарув тизимини такомиллаштиришни тақозо этади. Шу боис сўнгги тўрт йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият қурилиши ислоҳ қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 16 июнь кунги «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳам айни шу мақсадга хизмат қилади.

Фармонида белгиланганидек, эндиликда барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, Ҳисоб палатаси, Марказий банк, суд ва прокуратура органлари ҳамда уларнинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятлари ҳамда унитар корхоналар ўз фаолиятига оид ҳисоботларни расмий веб-сайтларига жойлаштиради ва уни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар беради.

Ҳисобот ва маълумотларнинг сайтлар орқали жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиниши аҳолининг давлат ташкилотлари ва корхоналари ҳақидаги тасаввурини бойитиш, уларнинг фаолияти ҳақида етарли тушунчага эга бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Очиқликнинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, юртимизнинг иқтисодий юксалиши, тараққиётини таҳлил қилиш ва бошқа давлатлар билан қиёслаш имконияти пайдо бўлади.

Шунинг учун ҳам фармонда 2021 йил 1 июлдан бошлаб мансабдорларнинг хизмат сафарлари ва хориждан келган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари билан солиқ ва бож имтиёзлари ҳамда преференциялар, шу жумладан, индивидуал имтиёзлар берилган субъектларнинг бенефициарлари улар тўлаган солиқлар ва молиявий кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикасининг Очиқ маълумотлар порталига ва ўз расмий сайтларига жойлаштириб, уларни ҳар чоракда янгилаб бориши белгиланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Адлия вазирлигига тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича доимий равишда таклифлар бериб бориш тизими ҳам йўлга қўйилади. Натижада жамоатчилик ва мутахассисларнинг таклиф ва тавсиялари ҳам амалиётга жорий этилиб, тизим такомиллаштирилади.

Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, шу жумладан, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан белгиланган маълумотларни интернет тармоғига жойлаштириш (эълон қилиш) бўйича мажбуриятлари ҳисобини юритиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан оммавий ахборот воситалари орқали самарали жамоатчилик назоратини ўрнатишга кўмаклашиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларидан келиб чиқувчи давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига оид долзарб масалаларни «Mening fikrim» портали орқали умумхалқ муҳокамасига чиқариш каби вазифалар юклатилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, фармоннинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликка оид қонун талабларини мунтазам равишда бажаришини таъминловчи яхлит тизим ишга туширилади.