Балкондан отилган 10 минг доллар

14:00 - 28.06.2021

8

Жамиятда шундай иллатлар борки, уларнинг авж олиши нафақат бугунги, балки келажак авлод учун ҳам ташвиш келтиради. Мансабни суиистеъмол қилиш, амалидан бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш, порахўрлик — мамлакатни ботқоққа ботирадиган, тараққиётга тушов бўладиган ана шундай иллатлардан. Буни англаб етган жаҳоннинг кўпгина давлатлари коррупцияга қарши кескин курашиб, муваффақиятга эришган.

Президентимизнинг қатъий талаби туфайли юртимизда ҳам мазкур иллатга тоқатсизлик, унга қарши аёвсиз кураш олиб борилаётганига қарамай ўз лавозимига номуносиб, нафсига қул кадрлар учраб турибди.

1978 йилда туғилган, олий маълумотли, Бектемир тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директори вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган М.Акмалов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам хизмат мавқеидан фойдаланиб жиноятга қўл урди – оз эмас, кўп эмас – 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора талаб қилди.

Қилган ишидан пушаймон бўлиб, суднинг қора курсисида ўтирган М.Акмаловнинг тазарруси кишида ачиниш уйғотса-да, ўзига билдирилган ишончни оқламагани, масъулиятли лавозимда бўла туриб қабиҳ ишга қўл ургани, бировнинг ҳақидан қўрқмагани унинг маънавий қиёфаси қандайлиги ҳақида тасаввур беради. Чунки порани ўз қўли билан олиб, уйига олиб боргунча ёки пул солинган елимхалтани хотинига айтиб уйининг деразасидан пастга улоқтирмасдан бурун ҳам бу фикридан қайтиши, ўзини ўнглаши мумкин эди. Сўнгги пушаймон эса ўзингга душман, холос.

Аниқланишича, Яшнобод туманидаги 30-оилавий поликлиника бош шифокори лавозимида ишлаб, 2020 йил август ойида лавозимидан озод этилган Г.Абдуқодирова М.Акмаловдан ёрдам сўрайди. Аёл М.Акмаловнинг турмуш ўртоғи билан бирга ишлагани боис унга ишонган ҳамда Тошкент шаҳридаги туғруқ комплексларидан бирига бош врач лавозимига тайинланишда ёрдам бера олиш-олмаслигини сўраган.

Туғруқ комплексига раҳбар бўлиш осон иш эмас. Табиийки, М.Акмалов аёл ва унинг турмуш ўртоғига «юқорида» танишлари борлиги, ҳатто Соғлиқни сақлаш вазирлиги мансабдорлари унинг гапини икки қилмаслигини қистириб ўтади. Ушбу «кичкина ёрдами» эвазига 30 минг доллар миқдорида пора беришларини, олдиндан 10 минг доллар, иш битганидан кейин қолган 20 мингини олишини айтади.

«Ишга жойлашгач, хотинимни ҳам ёнингизга оласиз» деган гапларидан тортиб, вазирликдаги танишларини бирма-бир санагани, бир мансабдорнинг олдига шу масалада кириб чиққани ва «ҳаммаси зўр бўлади» деган ваъдалари аёлга ишонч бағишлаган бўлса не ажаб. Акс ҳолда эр-хотин ўйлаб-нетиб ўтирмай 10 минг долларни айтилган жойга етказиб беришармиди?!

Суд мажлисида М.Акмалов айбига иқрор бўлиб, чин дилдан пушаймонлигини билдирди. Унинг айтишича, эшигини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар тақиллатганидаёқ хато қилганини англаган. Бирон вазирликда бирон қариндоши, таниш-билиши йўқ. Г.Абдуқодировага айтган гаплари эса уйдирма. «Шунчаки кредитларимни ёпмоқчи эдим, пулларни шахсий манфаатимга ишлатмоқчи эдим» дея олди, холос.

Суд иш бўйича тўпланган далилларга баҳо бериб, судланувчи М.Акмаловнинг жинояти далиллар билан исботланган деб ҳисоблади. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 59-, 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.