Ёшлар сектор раҳбаридан ёрдам сўради

12:30 - 28.06.2021

4

Хива туманида иккинчи сектор раҳбари, Хоразм вилояти прокурори Ботир Қудратходжаевнинг навбатдаги сайёр қабули ва ёшлар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда вилоят прокурори мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамияти, қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида тўхталди. Шу билан бирга, давлат раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси орқали ёшларни китобхонликка, компьютер технологияларидан самарали фойдаланишга, спорт билан мунтазам шуғулланишга ўргатиш зарурлиги ҳақида гапирди.

Шундан сўнг ёшларнинг мурожаатлари эшитилди, муаммолари ўрганилди. Учрашувда 30 га яқин киши 15 та муаммо ва таклифини билдирди. 

Ёшлар асосан бандлик масаласини ҳал қилишда, имтиёзли кредит олишда ва бошқа мавзуларда ёрдам сўради. Мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ҳал қилинди.

«Прокурор ва ёшлар» учрашувидан сўнг аҳоли иштирокида сайёр қабул бўлиб ўтди. Унда 33 кишининг мурожаатлари тингланди. Шундан 4 таси жойида ҳал этилди, 4 та мурожаат бўйича муаллифларга қонун талаблари тушунтирилди. Қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ҳар бир мурожаатнинг ижроси вилоят прокурори томонидан назоратга олинадиган бўлди. Ўйлаймизки, ушбу масалалар тез орада ижобий ечим топади.